Кубок учун курашни гуруҳ босқичидаёқ қиздираётган жамоалар ёхуд 2-турда яна катта ўйинлар
Бугундан Ўзбекистон Кубогининг 2-тур учрашувларига старт берилади. Апрель ойида айнан Кубокнинг гуруҳ баҳслари тугатиб олинади. Шунинг учун ҳозирда Суперлига, про лига ва биринчи лига клублари асосий эътиборларини айнан ушбу мусобақага қаратишган.
Таъкидлаш керакки, 1-турдан кейин бир қатор жамоалар учун 2-тур ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолди. Чунки ғалаба қозонган ва мағлубиятга учраганлар ушбу турда яна шундай натижаларни такрорласа кимдир муддатидан олдин кейинги босқичга чиқади, яна кимдир гуруҳда қолиб кетиши аниқ бўлиб қолади.
2-турда ҳаммаси бўлиб 16 та беллашув ўтказилади. Учрашувлар 19-26 апрель кунлари мобайнида бўлиб ўтади. Табиийки, бу сафар ҳам марказий ўйинлар “Н” гуруҳи жамоалари иштирокида бўлади. Наманганда водий дербиси доирасида “Навбаҳор” “Андижон”ни қабул қилса, Жиззахда “Динамо” “Насаф” билан куч синашади. Айнан ушбу клублар 1-турда ҳам ўз ўйинлари билан барчанинг эътиборини ўзларига қарата олдилар ва учрашувлар ҳам шунга яраша жуда қизиқарли ва шиддатли тарзда кечди. Лекин айнан марказий ўйинларда ҳакамларнинг хатоларга йўл қўйганлиги Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази томонидан фактлари билан асосланиб айтилди.
Яъни, 1-турдаги 4 та учрашувда ҳакамларнинг камчиликлари аниқланди. Уларнинг иккитаси айнан “Н” гуруҳи жамоалари иштирокидаги баҳслар эди. Шундан келиб чиқиб, 2-турнинг 3 та ўйинида ВАР тизимидан фойдаланиладиган бўлди. “Н” гуруҳидаги ҳар бир баҳс марказий мақомида ва асосий эътибор ҳам шу ерга қаратилган. Натижада “Навбаҳор” – “Андижон” ҳамда “Динамо” – “Насаф” учрашувларида ВАР ишлайдиган бўлди. Бундан ташқари, “I” гуруҳидан ўрин олган “Пахтакор” ва “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳам ВАРдан фойдаланиш режалаштирилган.
Рости, қолган ўйинларга қизиқиш унчалик юқори бўлмади. Кўрамиз, 2-турдаги жуфтликлар қанчалик эътиборни ўзларига қарата олишаркин? Балки Суперлига клублари жой олган “Н” гуруҳи фонида бошқа учрашувлар унчалик кўзга ташланмаётгандир. Шундай гуруҳлар борки, уларда про лига ва биринчи лига клублари жойлашиб қолишган. Барибир асосий жамоалар иштирокидаги баҳслар анча кескин ва марказий мақомдаги номни тўла-тўкис оқламоқда. Бу сафар ҳам шундай бўлиши аниқ.
21 апрель кунги учрашувларга эътибор юқори. Айнан “Н” гуруҳи жамоалари Суперлига даражасидан қолишмайдиган ўйинларни тақдим этишаётгани қувонарли. Бабаян жамоаси Қаршида ютиб келди, агар бу турда яна ғалабага эришса кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлади. Аммо бунинг учун Суперлига карвонбошиси бўлиб турган “Андижон”ни енгиши шарт. Ўз навбатида “Бургутлар”нинг ҳам мақсади кейинги босқичга чиқиш ва бунга яраша уларни ҳам ғалабадан бошқаси қониқтирмайди. “Динамо” эса Андижондаги ўйини билан салоҳияти юқорилигини кўрсатиб қўйди. “Насаф” ўз майдонидаги мағлубиятдан кейин 2-турда албатта уч очкони қўлга киритиш учун курашади. Демак, бу ерда ҳам ўйиннинг ҳарорати баланд бўлади. Олдинда турган катта ўйинларга қизиқиш чиндан ҳам катта.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар