"Кубокни кўтарганимда фахрландим, легионер бўлиб ғолиб чиқишнинг гашти бошқача экан" - ҳамюртимизнинг ўзга юртдаги муваффақияти

Хорижда тўп сураётган легионерларимизнинг фаолияти мухлисларимиз учун қизиқарли туюлиши табиий. Айниқса, четда тўп сурган ҳолда бирор-бир муваффақиятга эришса, айтайлик, Кубок ёки чемпионлик қўлга киритиладиган бўлса, бу барчамиз учун ҳам қувончли бўлади. У қаерда тўп суришидан қатъий назар легионер сифатида соврин ютдими, демак, вазифани шараф билан бажараётганидан дарак беради.

Бангладешнинг биринчи рақамли жамоаси - “Башундхара Кингз” клубида ҳамюртимиз Асрор Ғофуров тўп сурмоқда. Легионеримиз у ерда дастлабки совринини қўлга киритди. Ҳамюртимизнинг у ердаги муваффақиятни йўли бошланганидан кейин Sports.uz учун таассуротлари билан ўртоқлашди.  

“Мустақиллик” Кубогини қўлга киритганимиздан хурсандман, - дея гап бошлади, легионеримиз - Чемпионатдан олдин мазкур Кубок ўйинлари ўтказилганди. Бангладешда иккита Кубок бор ва биринчисини ютдик. Мен ўйнаётган жамоа жуда яхши. Ҳақиқатан Бангладешнинг энг кучли клуби. Таркибдаги маҳаллий футболчилари ҳам терма жамоада тўп суришади. Мана, биринчи Кубокни ютдик. Мақсадимиз барча совринларни қўлга киритиш. Чемпионликни ҳам кўзлаганмиз.

асрор2_3

Тўғриси, Кубокни кўтарганимда фахрландим. Чунки, барибир легионер бўлиб ғолиб чиқишнинг гашти бошқача экан. Бунинг устига мен Ўзбекистон байроғини бўйнимга илиб олгандим. Бу ерда нимадир ютишимизни, чемпион бўлишимизни билганим учун атайин Ўзбекистондан байроғимизни олиб келгандим. Чемпион бўлганимизда Ўзбекистон байроғини кўтараман, деб ният қилгандим ва бунга эришдим. Бу ҳолатдан ғурурландим.

асрор3_2

Барибир Бангладешдаги биринчи Кубогимни қўлга киритганимдан мамнунман. Бу ерга келиб нимадир ютишимни кутгандим. Негаки, бу клубга ўтишдан олдин Бангладешдаги катта жамоа эканини билардим. Ушбу клубга келган ҳар қандай янги футболчига шунга яраша катта вазифалар юклатилади ва ишонч билдирилади. Боя айтганимдек, биринчи Кубок мусобақасида ютдик. Иккинчи Кубок ўйинлари бу – федерация Кубоги ҳисобланади. Ундан кейин чемпионат ўйинлари. Олдимизга учала мусобақада ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган. Биласиз, Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффда ҳам иштирокимизни бошлаймиз ва у ерда ҳам иложи борича узоққроққача бормоқчимиз. Худо хоҳласа, аста-секин вазифани бажаряпмиз, биринчисидан ўтдик.

асрор4

Албатта, “Мустақиллик” Кубогидаги ўйинлар осон бўлмади. Гуруҳ босқичи билан ярим финал, умуман ҳаммаси бўлиб 6 та ўйин ўйнадик. Барчасида ғалаба қозондик. Ярим финал билан финалда бироз қийналдик”, - дейди Ғофуров.  

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!