Кукурелья "Реал"га ўтиш ҳақида: "Ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганман, Мадрид учун ўйнаш катта шараф"
"Челси" таркибидан "Реал"га ўтган Марк Кукурелья ўз трансфери ҳақида фикр билдирди.
"Ҳаммаси бир ярим-икки кун ичида ҳал бўлди. Ўйлашимча, бу мен учун янада яхшироқ бўлди – жараён жуда тез кечди, ортиқча бош оғриқларсиз.
Турли таклифлар бор эди, лекин "Реал" вариант сифатида пайдо бўлган заҳотиёқ бошқа нарсалар ҳақида ўйирмадим. Буни ўзига хос, ноёб имконият деб биламан. "Реал" сафида тўп суриш – катта шараф, бу билан ҳамма ҳам фахрлана олмайди. Бу жамоанинг ўзига хос "сеҳри" бор. Уни қандай тушунтиришни ҳам билмайман. Бу нимадир кутилмаган, тахмин қилиб бўлмайдиган ҳолат. Ўйлайманки, буни уларнинг тарихий камбэкларида кўп марта гувоҳ бўлганмиз.
Ҳаётда турли босқичлар бўлади. Мен муҳим қарор қабул қилишимга тўғри келди ва бу танловимдан ҳеч қандай шубҳам йўқ. Ҳар қандай футболчи энг юқори даражада ўйнашни, буюк клублар шарафини ҳимоя қилишни орзу қилади. Болалигингизда дунёдаги энг кучли жамоалар сафида тўп суришни тасаввур қиласиз, менимча, "Реал" ана шундай жамоалардан бири. Бу клуб Чемпионлар лигасида энг кўп соврин ютиб олган жамоа", – дея таъкидлади ҳимоячи El Mundo нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Марк Кукурелья "Барселона" тарбияланувчиси ҳисобланади.

Фикрлар