Кункабаев Жалоловдан аламини олиш йўлини топганини айтди
Жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади. Бу мусобақа қатор спорт турлари бўйича 2024 йили бўладиган ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма беради. Хусусан, осиёлик боксчилар Хитой рингларида Париж Олимпиадаси лицензияси учун курашади.
Sports.kz сайти қозоғистонлик машҳур боксчи Қамшибек Кункабаев билан бўлажак мусобақага тайёргарлик ҳақида суҳбат қилди. Суҳбат чоғида гап Қамшибекнинг ашаддий рақиби Баҳодир Жалоловга ҳам тақалди.
Sports.uz портали ушбу интервьюни ўзбек бокси мухлислари эътиборига ҳавола қилади.
- Қамшибек, ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?
- Олдиндаги мақсадим Ханчжоудаги Осиё ўйинларида муваффақиятли қатнашиш ва Париждаги Олимпиадага йўлланма олишдан иборат.
- Осиё ўйинларига тайёргарлик қандай кечяпти?
- Тайёргарлик жуда яхши ўтяпти. “Акбулак” олимпий марказида ўқув-машғулот йиғини ўтказдик. Бош мураббий Мирзагали Куланович ва мураббийлар штаби билан жуда сифатли тайёргарлик кўрдик. Ҳаммаси режадагидек бўлди. Бу меҳнатлар бекор кетмайди, Осиё ўйинларида натижа беради ва биз барча еттита олимпия лицензиясини қўлга киритамиз, деб умид қиламан.
- Ханчжоуда ҳам, Париж Олимпиадаси ҳам йўлингиз Баҳодир Жалолов билан кесишади. Бу рақибга қарши жанг учун қандайдир тактикалар ишлаб чиқдингизми?
- Ҳа, катта эҳтимол билан у билан тўқнаш келамиз. Терма жамоа бош мураббийи ва муррабийлар штаби, менинг шахсий мураббийларим билан ҳамкорликда жангда ғалаба қозониш имконини берадиган янги тактика ишлаб чиқдик. Уни ҳозир очмайман. Ҳаммасини рингда кўрасизлар.
- Баҳодир Жалолов сўнгги жангларда нима эвазига сиздан устунлик қиляпти?
- Баҳодир бўйининг баландлиги ва қулочининг кенглигидаги устунликларидан жуда унумли фойдаланяпти, деб ўйлайман. Янги тактикани шундан келиб чиқиб, ишладик. Ўйлашимча, бу бизга ғалаба келтиради.
- Ўта оғир вазнда Баҳодир Жалоловдан бошқа яна кимларни асосий рақобатчи дейиш мумкин?
- Баҳодир билан жуда кўп тўқнаш келаётганим боис, ҳаммага менинг бошқа рақобатчим йўқдек туюлмоқда. Ўта оғир вазн тоифасда бутун дунёда жиддий рақиблар бор ва шунинг учун ҳам бўлажак мусобақаларга қаттиқ тайёргарлик кўрярмиз.
- Профессионал рингдаги фаолиятингизни давом эттирасизми?
- Ҳа, профессионал рингдаги иштирокимни ҳам давом эттираман. Лекин ҳозир бор эътиборимни Париждаги Олимпия ўйинларига қаратганман. Шу боис, профессионал жангларда қатнашмаяпман.
- Профессионал рингдаги мақсадингиз қандай?
- Профессионал боксда ҳам ўз олдимга энг юксак мақсадларни қўйганман. Қозоғистонда ҳар доим профессионал боксда жаҳон чемпионлари бўлган. Лекин мултақ жаҳон чемпиони бўлиш ҳеч кимга насиб қилмаган. Мн ана шундай ютуққа эришмоқчиман ва бу профессионал боксдаги асосий мақсадимдир.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ҳаваскорлар боксида саккиз йил давомида ўзаро рақобатлашиб келмоқда. Дастлабки икки жангда устунлик қозоқ боксчиси томонида бўлган. Бироқ, кейинги йилларда ҳамюртимиз рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаяпти. Айни пайтда улар ўртасидаги умумий ҳисоб ўзбек боксчиси фойдасига 6:3 кўринишига келган.
Фикрлар