Купердан чўчиган Катанец, "связка" ишламган кеча ва ҳавотирли старт. Ўзбекистон - Сурия ўйини таҳлили
13 январь оқшоми Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари ўйини билан якун топди. Нурсиз дуранг қайд этилган баҳс таҳлилга у қадар муҳтож бўлмасада, жамоамизнинг ўйинини синчиклаб ўрганишга, муаммони негизини топишга уриниб кўрамиз.
Омадсиз дебют ва эҳтиёткорлик
Баҳс аввалида Ўзбекистон терма жамоаси жуда кўплаб аспектларда рақибдан кучлироқ эканлиги кундек равшан эди. Таркиб, захира ўриндиғи, жамоавий ўйин ва бошқалар. Шунга қарамай, Сречко Катанец сокинроқ стартни танлади. Ваҳоланки, баҳсни бемалол 4-3-3 схемасида бошлаши мумкин эди. Эктур Купер бошқарувидаги Сурияни бизга очиқ футбол намойиш этмаслигини тахмин қилиш учун футбол мутахассиси бўлиш шарт эмас. Катта этҳимол, Сречко Катенец Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзидан аввалги мураббийи билан принципиал тўқнашувда таваккал қилишни хохламагандир. Бу омил нафақат стартда, балки, ўйин экватори ва хатто биз учун муҳим бўлган финиш қисмида ҳам сезилиб турди. Бу ҳақида сал туриб батафсил.
Ўйинга танланган схема ва таркиб
Словениялик мутахассис 5-2-3 схемасини танлади. Фаруҳ Сайфиев ва Хожиакбар Алижоновлар аввал бўлгани каби, ҳужум чоғида схемани 3-4-3 га айлантириши, позицион ҳимояланиш пайтида орқа чизиқда 5 киши бўлиб рақибга бўш зона қолдирмаслиги керак эди. Бу услуб ва схема деярли Катанец қўл остидаги 65 фоиз ўйинда қўлланилгани сабабли унга ортиқча таъриф бериб ўтиришга хожат йўқ. Биз эса, ўйиндаги эпизодларга эътиробрингизни тортамиз.
Ўйинни томоша қилиш учун "Жассим Бин Ҳаммад" номидаги аренага 10 минг 198 ишқибоз ташриф буюрди. Уларнинг 95 фоизи Сурия терма жамоасини қўллаганини ҳисобга олсак, деярли баҳсни меҳмонда ўтказдик ҳисоб.
Матчнинг илк 30 дақиқасини доим эҳтиёткор ўтказишга одатланиб ҳам қолдик. "Оқ бўрилар" бу сафар ҳам воқеалар ривожини кескинлаштиришни истамади. Илк 10 дақиқада асосан тўпни қанотларни алмаштирган холда, секинроқ, аммо аниқ узатмалар билан рақиб жарима майдончасига олиб ўтиш орқали ҳужум уюштиришга уриндик. Рақиб эса бизни майдон марказида зич жойлашган холда кутиб олишга интилди. Ўз ярим майдонида анча агрессив прессинг қўллади. Натижада марказдаги икки ярим ҳимоячи бир муддат ўйиндан тушиб қолгандек туюлди. 4 ҳимоячи билан тўп сурувчи иккинчи рақамлилар замонавий футболда асосан марказни тўлиқ беркитиб қанотни атайин очиқ қолдиради. Бу эса ҳужум қилаётган жамоанинг ҳаракатларида креативликни йўқолиши ва ҳужумларни асосан бир фазадан бўлишига олиб келади. Жисмонан бақувват ва иккинчи қаватда яхши ўйнай оладиган марказий ҳимоячиларга эга бўлган Сурия айнан содда услубга суянди. Биринчи бўлимнинг илк 25 дақиқасида "оқ бўрилар" бирор маротаба майдон марказидан ёриб киришни уддалай олгани йўқ. Яни кескинлик қўшувчи 14-ҳудудда Сурия йигитларимизга бўш зона қолдирмади. Шукуров ва Ҳамробековлар майдон марказидаги рақибнинг бир йўла 4 футболчиси билан тўқнаш келгани сабабли, катта куч билан олдинга ўтиш ёки ҳужумчи ортига қадар чиқиб боришдан кўра, орқароқда "бузувчи" образида бўлишди. Қарабсизки, Ўзбекистон терма жамоаси иккита қанотдангина бир-бирини такрорлайдиган ҳужумлар уюштираверди.
Сайфиев/ Машарипов ва Алижонов/Эркинов тандемлари рақибнинг зич ҳимоясини ёриб ўтишга қийналди ва қанотда комбинация ёки узатмалар ёрдамида ҳужум давом эттириш учун жуда кам зонада ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Бу эса ўз-ўзидан узатмалардаги браклар сони ортиб кетишига сабаб бўлди. Ҳужумда тўпни йўқотганимиз сари рақиб ўз кучига ишониб дадиллашаверди.
Айнан мана шундай агрессив прессинга қарши ўйинларда ўзининг кучли томонини кўрсатишига ўрганиб қолганимиз Элдор Шомуродовнинг йўқлиги дарров кўзга ташланди. Ҳужум марказида Элдор айнан шундай зич мудофаани танланган рақиб билан тўпни марказда ушлаб туриши, дарвозага тескари турган холда ҳужумни улаб юбориши билан биргаликда кўп холларда тўпни қабул қилиш учун "10-рақамлилар" зонасига қадар ортга қайтган холда, босимни ўзига олиб қанотдаги футболчиларга бўш зона очишни таъминлар эди. Унинг ўрнида ҳаракат қилган Остон эса форвард амплуасида ўтказган вақтида ўзини жуда ёмон ҳис қилди. Айрим холларда, хатто ўйиндан ҳам тушиб қолди. Кўп холарда ёриб кириш учун марказий зонадан уруниб кўрди, аммо қанотдан фарқли ўлароқ, бу зонада уни доим 2-3 ўйинчи кутиб олди. Шу билан биргаликда, унга биринчи бўлим давомида бирорта зарба йўллаш зонасига олиб чиқадиган узатма амалга оширилмаганини ва 14-ҳудудни тўлиқ бой берганимизни ҳам эътироф этиш жоиз. Бу омиллар Ўруновни ўзини майдонда янада ноқулай ҳис қилишига сабаб бўлди.
Баҳс аввалида Элдор Шомуродовсиз қолган олдинги чизиқни ким билан беркитиш масаласи кўтарилди. Кимдир Игорь Сергеев версиясини олдинга сурса, яна кимдир Бобир Абдихолиқов тўғри танлов эканлиги ҳақида фикр билдирди. Катанес эса қўлида 3 та яхши даражадаги форвард бўлишига қарамай, аввал ҳеч ҳам марказий ҳужумда ҳаракат қилмаган Остон Ўруновни асосий таркибда жангга ташлади. Қизиқ ечим, аммо бу бизни бир йўла иккита катта фигурани йўқотишимизга сабаб бўлди...
5-2-3 схемаси ёрдамида биз рақибни исталган пайтда қарши ҳужумга ўтишини олдини олдик. Соддароқ қилиб айтганда, Катанец Купер қўйган қопқонга тушмаслик учун ҳам 5 та ҳимоячи билан ўйнади.
Баҳснинг бориши:
Ўйининг илк дақиқаларидан йигитларда енгил мандраж кузатилди. Сурия эса агрессив прессингга мурожат қилди. Кетма-кет ҳужумларимиз қанотда бўғилиб қолди. Марказда Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробековлар Суриянинг 4 та ярим ҳимоячиси билан ёлғиз қолди. Улар асосан яккакураш ва рақибни кутиб олиш билан банд бўлгани боис, камдан кам холларда 14-ҳудудга қадар етиб боришди. Айниқса, биринчи бўлим давомида рақиб 2-3 бор қарши ҳужумга ўтиб кетиш имкониятига эга бўлгач, марказдаги тандем эхтиёткорликни устун кўрди.
Баҳснинг 20-дақиқасига қадар терма жамоамиз тўп назоратини ўз қўлига олишни уддалай олмади. Браклар ва рақибнинг ўз жарима майдончаси атрофида жуда зич жойлашгани марказда 2га 4 ўйнаганимиз ва соф плеймейкернинг йўқлиги кўзга ташланди. 30-дақиқага бориб, Одил Ҳамробеков бироз ортга қайтиб, рақиб босимини камайтирди. Марказда баланс тиклангач, қанотлар орқали ҳужумга ўтишда давом этдик. Айнан тўп назорати бизга ўтган пайтда Фарруҳ Сайфиевда жуда қулай имконият бўлди, аммо қанот ҳимоячиси сўнгги зарбада адашди. Жуда асабий ўтган баҳснинг биринчи бўлимида бундан бошқа айтарли вазият ҳам ярата олганимиз йўқ.
Иккинчи 45 дақиқаликда Шерзод Насруллаев ва Аббосбек Файзуллаев "жанг"га ташланди. Улар кўпчилик кутганидек Сайфиев/Машарипов тандемини алмаштиргани йўқ. Биринчи бўлимда фаолроқ кўринган Алижонов/Эркинов тандеми заҳирага олинди. Кутилмаган юриш. Катта эҳтимол билан мураббий жуда асабий ўтаётган баҳсда тажрибали футболчилар майдонда бўлиши керак деб ҳисоблади, чоғи. Шунингдек, Алижоновнинг енгил жароҳати ҳам бунга сабаб бўлгани аниқ.
Аббосбек Файзуллаев захирадан ўйинга қўшилгач, иккинчи бўлимда бироз ўйинимиз чиқишни бошлади. Аббос рақибларини алдаб ўтиш орқали, жарима майдончаси атрофида бўш зоналар очишни бошлади. Натижада рақиб ўйин аввалидаги ҳимоя чизиғини ортга сурди. Отабек Шуркуров бироз олдинроққа ўтиб ҳаракат қилиш имконига эга бўлди. Ҳамробеков орқароқда балансни ушлаш учун қолди. Шукуровнинг олдинроққа силжиши бизга ҳужум чоғида 3-4 аниқ пас бериш имконини яратди. Шукуров эса, "10-рақамли" футболчига айланди.
Баҳснинг 60-дақиқаларига келиб, вазият тўлиқ терма жамоамиз қўлига ўтди. Тўп назорати, вазиятлар зарбалар, аммо сўнгги зарбани берадиган ижрочи топилгани йўқ. Сречка Катанец ҳудди Эрон билан ўйинда бўлгани каби 5-2-3 ни 4-3-3 га айлантириш вариантини тайёрлади, бироқ негадир ундан кўп ўтмай воз кечди. Жамшид Искандеров ва Игорь Сергеев ўйинга тушиш учун чигалёзди машқларини бошлади, аммо якунда Искандеров захира ўриндиғига йўл олди. Сергеев эса ўйини у қадар чиқмаган жамоамиз сардорини алмаштирди. Бизга ғалаба кераклигини билсада, Катанес охирига қадар ўзининг эҳтиёркор схемасидан воз кечмади. Биринчи турдаёқ вабанкка бориб, таваккал қилишни истамади. Остон ва Аббос қанотларга кўчгач, биз рақибни янада ҳимояга қамадик. Афсуски, якуний зарба берадиган ижрочи кўзга ташланмади.
Иккинчи бўлимда Сайфиев ва Насруллаев асосий эътиборни ҳужумга қаратгани боис, Ашурматов ва Абдуқодир бир неча маротаба ўз зонасини ташлаб, рақибни марказда кутиб олди. Эътиборли томони шундаки, Абдуқодир 90 дақиқа давомида 7 маротаба тўп учун курашда марказга қадар чиқди ва уларни барчасини енгди. Рустам Ашурматовда бу кўрсатгич 5 тани ташкил этади.
Марказий ҳимоядаги учлик Сурия билан баҳсда жуда сифатли ишлади. Бирорта эпизодда позициясини бой бергани йўқ. 90 дақиқа давомида рақибларидан бир қадам олдинда бўлди. Айнан уларинг фаоллиги эвазига Сурия бирорта ҳавфли қарши ҳужум уюштиргани йўқ.
Баҳснинг сўнгги 15 дақиқаси бошланиши билан, Сурия чуқуроқ ҳимояга ўтди. Тўпни иккинчи қаватдан узатганча, дарвозаси атрофида зичликни таъминлади. Катанец Сергеевдан кейин сўнгги дақиқага қадар бирорта захира имкониятидан фойдаланмади. Сўнгги дақиқаларда бироз чарчаган Остон Турғунбоевга алмаштирилди, аммо бу кучни янгилаш эди холос.
Сурия, тартибли ҳимоя ва кучли иштиёқ эвазига бир очко ишлади. Биз эса баҳсда гол уришдан кўра, ўтказиб юбормасликка кўпроқ эътибор берганимиз учун 2 очкодан қуруқ қолдик. Катта эҳтимол билан, бу ўйинда биз максимал имкониятимизни намойиш этмадик. Бу ғалаба учун эмас, енгилмаслик учун бўлган ҳаракат ўрнида қабул қилинади. Кейинги ўйинларда мақсад ғалаба қозониш бўлади деган умиддаман.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев мақоласи
Фикрлар