Кутганига яраша ҳеч кимдан садо чиқмади, Суперкубокни олдин "Насаф" билан ютган, энди эса... - Шароф Муҳитдинов клубини ўзгартиргани хусусида очиқ гапирди

“Насаф” клуби тарбияланувчиси Шароф Муҳитдинов яқинда “Пахтакор”га кўчиб ўтди. Бу билан у фаолиятида олдинга қадам ташлади, деб ҳисобласак бўлаверади. Чунки футболчи чемпион жамоа сафига қўшилди.

Лекин Шарофнинг у ерга кўчиб ўтиши осон бўлгани йўқ. Қолаверса, “Насаф” мухлислари ҳам Шарофнинг кетишини истамагандилар. Sports.uz мухбири бу борада футболчидан бир қатор масалаларда муносабатини билишга ҳаракат қилди.

“Пахтакор”дан илк таклиф қачон ва ким томонидан бўлган? Ниҳоят, футболчининг чемпион жамоа сафига ўтиши февраль ойида амалга ошди. Муҳитдинов “Пахтакор”га ўтиши ҳақида шундай деди:

- “Пахтакор”нинг собиқ бош мураббийи Шота Арвеладзе менга анчадан бери қизиқиб келарди. 2019 йилда ҳам “шерлар” таркибига ўтишим мумкин эди. Лекин ўшанда трансфер нархимни “Насаф” билан келиша олишмаганди. Олдимда четдан ҳам вариантлар бор эди. Шунингдек, мен икки ой давомида “Насаф”да шуғулланиб, уларнинг таклифини кутдим. Лекин ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ. Бирортаси бу масалада аниқ гап айтишмади. Бу орада, менга АГМК ва “Пахтакор”дан жиддий таклифлар бўлди. Мен  “Пахтакор”ни танладим. Рўзиқул ака Бердиев ҳам айтганидек, чиндан ҳам биз икки ой давомида янги шартномани гаплашиш бўйича кутдик. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмади. Бу пайт давомида “Насаф”да спорт формамни ушлаб турдим. Кутганимга яраша, у ерда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. “Пахтакор” эса, менга таклиф билан чиққанидан кейин, у ерга кетишга мажбур бўлдим.

шароф

Шароф Муҳитдинов легионерга айланиши ҳам мумкин эди. Чунки бу масалада унинг олдида таклифлар йўқ эмасди. Ҳаттоки яқинда унинг қайсидир клубга бориб келгани ҳам маълум бўлганди. Бу хусусида футболчи қуйидагиларни айтди:

- Бу сир бўлиб қолсин. Тўғри, бориб келдим. Пандемия сабабли, Осиёда легионер лимити билан боғлиқ вазият туфайли улар бошқа ўйинчи олишди.

Нима бўлганда ҳам, Муҳитдиновнинг “Пахтакор”даги ҳаёти бошланди. Шу сабабли, футболчи бор эътиборини янги жамоасига қаратмоқда. Шу ўринда, ярим ҳимоячи янги клубида қандай кутиб олишгани ва шартнома масаласида ҳам тўхталиб ўтди.

- “Пахтакор” билан бир йиллик шартнома имзоладим. Клубда мени ниҳоятда илиқ кутиб олишди. Бу ердаги барча футболчиларни яхши танийман. Аксарияти билан ўйнаганман, ўзимнинг ака-укаларим. Шунинг учун машғулотларда ҳам ўзаро тил топишишимиз жуда осон кечяпти.

Шароф юқорида айтганидек, уни “Пахтакор”га дастлаб, Шота Арвеладзе чақирган. Аммо энди бу мураббий кетган. Хўш, Муҳитдиновни клубни бошқараётган Питер Хюистра чақирдими ёки бошқаларми?

- Ким чақирган? Менимча, мураббий ўзига керак бўлган футболчиларни ўзи чақирса керак. “Пахтакор”га келгач, албатта бош мураббий билан гаплашдик. Қайси позиция сенга кўпроқ ёқади, деб сўради. Ўртада тўп суришим қулайроқ эканини айтдим. Қолаверса, машғулотлар ҳам жуда қизиқарли ўтяпти.

шароф1

Шарофнинг янги жамоасидаги дебюти ўзининг собиқ ва қадрдон клуби – “Насаф”га қарши ўтиши мумкин. Чунки 6 март куни Самарқандда Суперкубок учун “Пахтакор” билан “Насаф” беллашади. Бу эса Муҳитдинов учун алоҳида аҳамият касб этади.

- Бу ўйин анча қизиқарли бўлади, деб ўйлайман. Чунки Суперкубокни олдин “Насаф” билан ютганмиз. Энди “Пахтакор” сафида ана шу ўйинда тўп суришим мумкин. Агар дебютимни ўтказа олсам, бу чиндан ҳам қизиқ бўлади. Айтишади-ку, майдонда ҳатто акангга қарши ўйнасанг ҳам у рақиб бўлади. Нима бўлиши вақт кўрсатади. Аммо “Насаф” билан яхши ўйин бўлади, - деди Муҳитдинов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!