Кутиб олинг: UFC нинг энг агрессив юлдузи қайтмоқда!
41 ёшида бўлишига қарамай, Нейт Диаз яна фаолиятидаги энг яхши формага яқинлашгандек таассурот қолдирмоқда.
17 май тонгида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Жейк Полнинг "Most Valuable Promotions" лигаси ўз турнирини ўтказади. Ташкилотчилар жуда кучли кард тайёрлаган бўлиб, унда кўплаб машҳур номлар жамланган. Энг катта қизиқиш уйғотаётган жанглардан бири эса Нейт Диазнинг қайтиши бўлиб турибди. Аралаш яккакураш тарихидаги энг машҳур ва агрессив жангчилардан бири яна октагонга қайтмоқда. Унга америкалик Майк Перри қарши чиқади. Шу сабабли бу тўқнашув мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, иккиси ҳам кескин ва кучли зарба йўллашни яхши кўргани боис мухлислар ҳақиқий “сола-сол” кутишяпти.
Баҳс эълон қилинганидан кейин кўпчилик фаворит сифатида айнан Перрини кўрсатди. Бунинг сабаблари ҳам етарли. У "Bare Knuckle FC" лигасида жуда фаол ва деярли барча рақибларини ишончли тарзда мағлуб этиб келмоқда. “Платинум” лақаби билан танилган жангчи ҳозир 34 ёш. ММАдаги рекорди ҳам ёмон эмас — 14 ғалаба ва 8 мағлубият. Ҳа, у суперюлдуз даражасига чиқмаган, аммо ҳозир зарбалари ниҳоятда хавфли кўринмоқда.
Диазнинг ММАдаги охирги расмий жанги эса 2022 йилда бўлиб ўтган ва ўшанда у Тони Фергюсонни енганди. Бироқ ўша пайтда Тони аллақачон инқирозга юз тутган, деярли ҳеч кимни енга олмай қолган эди.
Шундан кейин Нейт боксда ўзини синаб кўрди. Аммо у ерда ҳаммаси ҳам омадли кечмади. У Жейк Полга ютқазди ва жанг давомида деярли ҳеч нарса кўрсата олмагани учун кескин танқидга учради. Кейин эса 2024 йилда Хорхе Масвидал билан жанг қилиб, ҳакамларнинг якдил қарорига кўра ғалаба қозонди.
Шундан сўнг у яна омма эътиборидан четда қолди ва Нейт қандай ҳолатда қайтиши номаълум эди. Ҳатто UFC даги фаолияти давомида ҳам у ҳар доим идеал спорт формасида бўлмаган. Бунга зарарли одатлари ва анча эркин ҳаёт тарзи сабаб бўлгани айтиларди. Лекин ҳозир у барчани жиддий ҳайратда қолдиришга тайёр кўринмоқда.
Диаз айни пайтда ҳақиқатан ҳам феноменал жисмоний формасини намойиш қилди — бақувват тана, кучли мушаклар! Ҳатто UFC даги энг яхши даврида ҳам у бундай кўринмаган эди. Афтидан, бу сафар америкалик жуда жиддий тайёрланган.
“Сафга қайтганимдан хурсандман. Вақти келди. Кейинги 10 йил ичида қаерда бўлишим муҳим эмас. Лекин қўлимдан келганча ҳали жуда кўп иш қилмоқчиман”, — деди Диаз.
Нейт учун қизиқарли рақиблар етарлича. Аммо энг катта ва энг шов-шувли жанг — Конор Макгрегор билан трилогияни якунлаш бўлса керак. Айниқса, ирландияликнинг UFC га қайтиши тобора яқинлашаётган бир пайтда бу жанг янада ҳақиқатга ўхшаб кўриняпти.
Макгрегорнинг ўзи ҳам интервьюларининг бирида трилогия хоҳлаётганини яширмади:
“Мен Диазни яна ММАда кўришни истайман. Ундан қарздорман. У менга реванш берди ва мен ўша баҳсда ғалаба қозондим. Энди эса барчасини тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб олишимиз учун бизга трилогия керак”, — деди Конор.
Диаз тайёргарликка жуда тўғри ёндашганини ҳозирги спорт формаси орқали кўрсатиб турибди. Энди бўлажак жанг Нейтнинг келажагига аниқлик киритади. Агар у ёрқин жанг ўтказиб, ғалаба қозонса, олдинда уни яна катта "вызов"лар кутиши мумкин. Аммо мағлуб бўлса, эҳтимол мухлислар октагон марказига ташланган қўлқопларни ҳам кўриб қолишар...
Одина Назирова тайёрлади

Фикрлар