Кутилмаган даъвогар: Шомуродовга машҳур юлдузлар ўйнаётган жамоа харидор!

Қишки трансферлар ойнаси яқинлашгани сари Элдор Шомуродов атрофидаги вазият ҳақида ҳам янги маълумотлар чиқа бошлади.

29 ёшли ҳужумчининг “Рома”даги келажаги мавҳум бўлиб турибди. Клаудио Раньери “Кальяри”да бирга ишлаган шогирдига ишонч билдира бошлади. Лекин клуб мутасаддилари легонеримизнинг ўрнига Артём Довбикка рақобат кўрсата оладиган бошқа марказий ҳужумчи олишга қарор қилган.

Элдор Шомуродовга А Сериянинг ўзидан харидор чиқди. Бу ҳақда “Рома” фаолиятини ёритишга ихтисослашган romaforever.it сайти маълумот чиқарди.

 - “Комо” яқинлашиб келаётган трансферлар даврида “Рома” ўйинчисини ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилган. Мусобақа жадвалининг қуйи поғоналаридан жой олган жамоа ҳужум чизиғини кучайтириш имкониятини қидиряпти. Бу жамоа икки ойдан бери ғалаба қозона олмаётгани олдинги чизиқни кучайтиришни талаб этмоқда.

Бош мураббий Сеск Фабрегас таркибни шакллантиришда муаммолар борлиги ва ҳужумларни якунловчи ўйинчи етишмаётганини айтганидан кейин клуб хўжайинлари жамоани кучайтиришга қарор қилди.

“Комо” спорт директори Карлальберто Люди “Рома”нинг марказий ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ижарага олиш ғоясини ўртага ташлади.

Айни пайтда ўзбек ҳужумчисининг “Рома”даги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Рим клуби раҳбарияти бу легионерни бошқа клубга сотиб юборишни режалаштириб қўйган. Шуни инобатга олиб, римликлар Элдор Шомуродовнинг кетишига қаршилик қилмаслигининг эҳтимоли катта.

“Комо” нишонида Элдордан бошқа “Чезена” шарафини ҳимоя қилаётган албаниялик ҳужумчи Кристан Шпенди ҳам бор. Лекин чезеналиклар юқори дивизионга чиқишга даъвогарлик қилаётгани боис, асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланган Шпенди хизматларидан воз кеча олмайди, - деб ёзмоқда romaforever.it сайти эксперти Франческа Ди Нора.

 Таъкидлаш жоизки, 1907 йилда ташкил топган ва узоқ йиллик тарихга эга “Комо” клуби ўтган мавсум якунларига кўра, А Серияга чиққан эди.   Юқори дивизион дебютантига яқин ўтмишнинг машҳур футболчиси Сеск Фабрегас бош мураббийлик қилмоқда.

Испаниялик мутахассис жамоага номдор футболчиларни жалб қилгани кўплаб мухлису мутахассисларнинг эътиборини тортди. Хусусан, Фабрегас таклифи билан комоликлар сафига Пепе Рейна, Альберто Доссена, Нико Пас, Андреа Белотти, Рафаэль Варан, Серхи Роберто, Альберто Морено, Симоне Верди ва Патрик Кутроне каби кучли жамоаларда ўйнаган таниқли футболчилар қўшилди.

Шунга қарамай, “Комо” А Серияда қолиш учун курашишга мажбур бўлмоқда. Айниқса, ҳужумчилар қайд этаётган кўрсаткичлар вазиятни ўнглашга камлик қилмоқда. Жамоа таркибида бешта ҳужумчи бор ва улар мавсум бошидан бери умумий ҳисобда олтита тўп киритган. Шу голлардан тўрттаси Патрик Кутроне ҳисобига тўғри келади. Андреа Белотти ва Алю Фадера ўз номига биттадан гол ёздирган. Яна икки ҳужумчи “қуруқ” серияни давом эттирмоқда.

“Комо” вазиятни ўнглаш учун Элдор Шомуродов ёрдамига таянмоқчи. Қишки трансферлар ойнаси даврида легионеримизга бошқа клублардан ҳам таклиф бўлиши кутилмоқда. Демак, вазиятни кузатамиз. Ўзгариш бўлиш эҳтимоли катта!

ЦСКА кутилмаганда Файзуллаевга хушхабар айтди!

Ҳусановнинг трансферига қарши чиқишмоқда!

Ана холос: Кутилмаганда Шомуродовнинг йўли очилди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!