Ҳусановнинг трансферига қарши чиқишмоқда!
Қишки трансферлар ойнаси очилиши билан Европанинг бир неча клублари “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўради.
Европадаги манбалар 20 ёшли ўзбек футболчисига Франциядан “Марсель”, “Пари Сен-Жермен”, Испаниядан “Атлетико Мадрид”, Германиядан “Байер” ва Англиядан камида еттита клуб даъвогарлик қилаётганини ёзмоқда.
Улар орасидан ПСЖ, “Атлетико”, “Тоттенхэм” ва “Ньюкасл” январда “Ланс” эшигини қоқиши кутиляпти.
“Ланс” фаолиятини ёритиб келаётган lensois.com портали мухлисларнинг Ҳусанов трансферига муносабатини ўрганиш мақсадида сўровнома ташкил қилди. Ушбу манба Абдуқодирни трансферига оид қандай қарор қабул қилиш кераклиги ҳақида жамоа ишқибозларига иккита вариант бўйича овоз беришни сўради.
Натижалар қуйидаги кўриниш ҳосил қилди:
Йўқ, Ҳусановни трансфер қилишга ҳали эрта, агар клуб иқтисодиётига маблағ керак бўлса, бошқа ўйинчиларни сотиб юбориш керак: 74,41 фоиз овоз.
Ҳа, иқтисодий аҳволдан келиб чиқиб, Ҳусановни қўйиб юбориш керак, ўрнига барибир бошқа ўйинчи топилади: 25,59 фоиз овоз.
Кўриниб турибдики, “Ланс” ашаддий мухлисларининг аксарияти Абдуқодир Ҳусанов жамоада қолишини истайди.
Sports.uz портали франциялик ишқибозларнинг Ҳусанов трансферига оид фикр-мулоҳазаларини келтиради.
508GT:
Ҳар қандай сумма тикилишидан қатъий назар, Ҳусановни қишда трансфер қилиш катта хато бўлади. Чунки ёзга бориб, ҳимоячининг нархи икки баравар кўтарилишига ишончим комил. “Ланс” шартни ўзи қўйиши керак. “Катта клублар” савдодан қочмайди, кўз тикканини барибир олиб ўрганган.
Sly62:
Ҳусанов жамоада қолиши керак. Пул керак бўлса, штатларни ва маошлар фондини қисқартириш мумкин. Ҳусанов катта даромад келтириши мумкин, лекин унинг “Ланс”даги маоши жуда паст ва клубга умуман оғирлик қилмайди.
LeVentDuNord:
Клуб қишда Ҳусановнинг нархини максимал даражада кўтариб, катта клубларга сотиб юборадиган кўринади. Улар қисқа муддатда пул ишлашга қизиқяпти.
Ўзимг қолса, Абдуқодирни таркибда сақлаб қолиш шарт, деган қарорга келиб бўлганман.
Sabai:
Англия клублари Ҳусановга “Ланс”га нисбатан бир неча баравар кўп маош бера олади. Абдуқодирнинг ўзи ҳам кетиш истагини билдириши мумкин.
Flo:
Ҳамма Ҳусановнинг “Ланс”да қолиши тарафдори экани кўриниб турибди. Лекин харидор клуб стол устига 40 миллион евро атрофидаги маблағни қўйса, “Ланс” уни сотиб юбориши керак. Ҳусанов арзимаган пулга олиб келинганини инобатга олсак, бу соф фойда бўлади.
Bonaparte:
Кўп ёш футболчилардан фарқли равишда Абдуқодир юлдузлик касалига чалинмаган. У пуллар, ҳашамат, қимматбаҳо машиналарга, ёрқин ҳаёт кечиришга қизиқмайди. Лекин мунтазам Чемпионлар лигасида қатнашишни, дунёнинг энг зўр чемпионати ҳисобланган Англия Премьер-лигасида ўйнайшни орзу қилса керак!
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзида “Ланс”га кўчиб ўтган ва Франция чемпионатидаги биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга ўз номини ёздириб қўйди.
Ана холос: Кутилмаганда Шомуродовнинг йўли очилди!
Файзуллаевга “Монако” қизиқаётганига муносабат билдирилди!
Фикрлар