"Кувайт СК" Рашидов, Оби Микел ва бошқаларни тантанали равишда таништирди! Футболчимизнинг янги клубидаги ойлик маоши қанчалигини биласизми?
Хабарингиз бор, яқинда ҳамюртимиз Сардор Рашидов клубини ўзгартирган ҳолда Кувайтнинг “Кувайт СК” жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолади. Шу тариқа, унинг янги мамлакатдаги фаолияти бошланди. Яна легионерга айланган футболчимиз бир неча кун аввал янги клубига етиб борди. Шуни айтиш мумкинки, Рашидовни Қувайтда жуда самимий тарзда кутиб олдилар. Улар анчадан бери ушбу трансферни кутаётгандилар. Чунки қувайтликлар ҳамюртимизнинг қандай имкониятларга қодирлигини яхши билардилар. Ахир Рашидовни қўлга киритишгани бежиз эмас, албатта. Шу боисдан, “Кувайт СК” Сардорни катта хурсандчилик билан қарши олди. Бу эса ўз навбатида ҳамюртимизнинг кайфиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганини қўшимча қилсак арзийди.
Энг асосийси, биринчи кунданоқ Рашидов Кувайтда ўзини худди ўз уйидек ҳис қилишни бошлади. Чунки клубдагилар унга катта эътибор ва шу билан бирга катта ишонч билдиряпти. Янги жамоаси ҳам Сардорни гўёки эски қадрдонлардек қабул қилганини эшитиш ёқимли. Шу сабабли айни пайтда футболчимизнинг у ерга мослашиш жараёни анча енгил кечяпти. Янги жамоасида машғулотларни бошлаб юборган ва икки кундан кейин йиғин ўтказиш учун Туркияга жўнаб кетади.
Куни кеча “Кувайт СК” клуби жамоага янги қўшилган футболчиларни кенг оммага таништирди. Аввало, шуни таъкидлашни истардикки, клубнинг матбуот хизмати Сардор Рашидовга атаб, ажойиб видеоролик тайёрлаган ва уни ўз мухлисларига тақдим этди. Таништирув маросими эса юқори даражада ташкиллаштирилди.
Жамоага таклиф қилинган ҳар бир янги ўйинчи журналистларга алоҳида таништириб ўтилди. Дарвоқе, “Кувайт СК” шу куни ҳаммаси бўлиб беш нафар легионернинг тақдимот маросимини ўтказди. Булар – Жон Оби Микел, Раян Макгован, Эл Мехди Баррахма, Ал Туркомани ва Сардор Рашидов. Маросимни клуб президентининг шахсан ўзи олиб борди. Биз учун қизиқ жиҳати, “Кувайт СК” хўжайини ўзбекистонлик футболчига алоҳида эътибор қаратди. У ҳақида йиғилганларга жуда илиқ фикрларни ва Сардордан умиди катта эканлиги, шу билан бирга ушбу трансфер клуб учун жуда муҳим бўлганини қўшимча қилди.
Ўз навбатида сўз Рашидовга берилди ва у инглиз тилида ўз фикрларини баён этди. Жумладан, шундай деди: “Авваламбор, “Кувайт СК” клуби президентига билдирилган ишонч учун катта раҳмат. Бу ерга келишимдан олдин янги жамоам ҳақида қисқача ўз фикримга эга эдим. “Кувайт СК” араб давлатлари орасида таниқли ва ўз тарихига эга бўлган жамоа. Мана шундай клубдан тушган таклифга қизиқишим бўлди. Менга яхши таклиф билдиришгани учун буларга раҳмат. Жамоа олдида ОФК Кубоги ўйинлари ҳамда миллий чемпионат баҳслари турибди. Оби Микел, янги легионерлар ва бутун жамоа билан ҳамжиҳатликда яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир учрашувда боримизни бериб ўйнаймиз. Нимага қодир бўлсак, барчасини “Кувайт СК” учун берамиз, ҳаммага раҳмат, - деди Рашидов.
Шунингдек, таништирув маросимида Жон Оби Микелга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар ҳолда у жаҳон таниган, Европанинг кучли клубларида тўп сурган футболчидир. Фаолиятининг катта қисмини “Челси”да ўтказган нигериялик ўйинчи охирги марта Англиянинг “Сток Сити” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. 34 ёшли футболчи эндиликда ҳамюртимиз Сардор Рашидов билан бир жамоада тўп суради. Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат шунда бўлдики, Оби Микел Рашидов билан дарҳол яхши муносабат ўрнатди. Буни ўша таништирув маросимида ҳам кўрдик. Улар ёнма-ён ўтирган ҳолда яхши кайфиятда суҳбатлашишди. Бу жараён биз учун қизиқ кўрингани боис Сардордан ўша вазиятда нималар ҳақида гаплашгани ҳақида сўрадик.
- Оби Микел билан жуда яхши чиқишиб кетдик. У биринчи марта араб чемпионатига келди. Шунинг учун мендан бу масалада ўзини қизиқтирган нарсаларини сўради. Масалан, араб чемпионати қандай ўтиши, бу ердаги вазият, ўйинлар қай тариқа кечиши каби ҳолатлар тўғрисида сўради. Биз анча бир-биримиз билан кулишиб, гаплашиб ўтирдик. У “Сток Сити”дан келгани учун унга ҳазил тариқасида келаси йили мени “Сток Сити”га ўтказасанми, дедим. Хуллас, Оби Микел билан ҳам тезда дўстлашиб кетдик, - дея ўша суҳбатни эслади, Сардор.
Жамоага янги қўшилган футболчиларга анъанага мувофиқ қайси рақамда тўп суриши акс эттирилган футболкалар топширилди. Рашидов эса “Қувайт СК” сафида 17-рақамда ўйнайдиган бўлди. Бу унинг учун янги рақам десак муболаға бўлмайди. Негаки, бунга қадар уни клубларда ва терма жамоада 9, 10, 27 каби рақамларда кўрганмиз. Ҳамюртимиз 17 ни ўзи танладими ёки...бу борада Рашидов Sports.uz сайтига шундай деди: “Рақамни ўзим танладим. Клубда 7- ва 10-рақамларда 10 йилдан бери ўйнаб юрган футболчилар бор экан. Шунинг учун уларни хафа қилгим келмади ва 17 ни олдим”.
Ҳа, Рашидов 7 ҳамда 10-рақамларни ёқтирарди. Лекин янги клубида бунинг ўз эгалари бор экан. Эътибор қилсак, Рашидов шунга қарамай, ушбу вазиятдан усталик билан чиқиб кетганини кўриш мумкин. Яъни, Сардор 7 билан 10 ни бирлаштириб ўзи учун 17-рақамни танлаган!
Ёдингизда бўлса, Сардор “Кувайт СК” билан шартнома имзолаганидан кейин Sports.uz учун интервью берганди. Ўшанда қувайтликларнинг таклифи қолган барча танловларни “синдирди” деган. Бу клуб ҳамюртимизга моддий томондан ҳам жуда яхши шароитни ўртага ташлагани маълум эди. Эътиборлиси, Рашидовнинг “Кувайт СК”да оладиган пули очиқланди. Клуб матбуот хизматининг хабарига қараганда, унинг ойлик маоши 100 минг АҚШ долларини ташкил этади! Омадини берсин....
Фикрлар
Rashidov 1,2 mln
Zo'r!