Квангжуда сув спорти турлари бўйича ЖЧ қандай якунланди?
Жанубий Кореянинг Квангжу шаҳрида сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди. 12-28 июль кунлари бўлиб ўтган мазкур дунё биринчилигида 193 мамлакатдан 3000 га яқин спортчи иштирок этди.
Мусобақа давомида Хитой терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича якка пешқадамлик қилди. Чин ўлкаси вакиллари 16 та олтин, 11та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлишди. 15 та олтин, 11 та кумуш ва 10 та бронза медали билан АҚШ термаси умумжамҳа бўйича иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, 12-11-7 кўрсаткичи билан россияликлар кучли учликни якунлаб беришди.
Сузиш беллашувлари давомида 9 та жаҳон рекорди янгиланди ва 1 бор такрорланди. Ушбу йўналишда АҚШ термаси медаллар жамлаш бўйича тенгсиз бўлди (14-8-5).
Мазкур чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси сувга сакраш, синхрон сузиш ва сузиш йўналишлари бўйича иштирок этди. Бироқ вакилларимиз ҳеч бир йўналишда финал босқичигача етиб бора олишмади.
Яқин йиллар ичида сув спорти турлари мухлисларнинг нигоҳи Осиё қитъасида бўлиб қолаверади. Зеро, келаси йили Токио Олимпия ўйинларига мезбонлик қилса, 2 йилда бир бора ўтказиладиган мазкур йўналишдаги жаҳон чемпионати 2021 йили Япониянинг Фукуока, 2023 йили Қатарнинг Доха шаҳрида ўтади.
Фикрлар