Лапорта: “Месси билан муносабатларимиз бузилган”
"Барселона" президентлигига номзод Жоан Лапорта "Интер Майами" ҳужумчиси Лионель Месси ҳақида гапирди ва аргентиналикнинг 2021-йилда Каталония клубини тарк этиши билан боғлиқ вазият ҳақида сўзлаб берди.
"Биз янги шартнома имзолашни истамадик, чунки буни клуб учун зарарли деб ҳисобладик. "Барселона" футболчилар, директорлар ва президентлардан юқори ва биз бунга йўл қўя олмасдик. Президент сифатида мен учун энг ачинарлиси шу. Булар Куман, Хави, Пике ва бошқалар кетгандаги каби ачинарли лаҳзалар эди. Бу оғир дамлар, лекин биз бунга чидай олмадик. Унинг шартномасини узайтириш билан боғлиқ тўловлар жуда катта эди ва шунинг учун у ўйнашни давом эттира олмади.
Мен Месси ва бошқа футболчиларни биринчи президентлик давримдан бери биламан ва вақт ўтиши билан уларга боғланиб қоласан, уларни қадрлай бошлайсан. Бу футболчиларнинг барчасидан жуда миннатдормиз, аммо "Барса" ҳам улар учун кўп иш қилди. Бу амалга ошмади ва Лео клубдаги фаолиятини давом эттира олмади.
Месси билан муносабатлар бузилган. "Олтин тўп"ни топшириш маросимида ҳам бир воқеа бўлди, мен унга салом бериш учун бордим, у эса саломлашмаслигимиз керак деб ҳисоблади. Ўшандан бери бироз яқинлашув юз берди ва биз бу келажакда ҳам содир бўлишига умид қиламиз. Муносабатлар кескин, аммо у "Барселона" афсонаси", - дея Лапортанинг сўзларини келтиради Sport.es.
Месси "Барселона"да 17 йил (2003-2021) ўйнаб, клубнинг ҳақиқий афсонасига айланди. Бу вақт ичида у 778 та ўйинда 672 та гол урди, 35 та соврин, жумладан, 10 та Ла Лига ва тўртта Чемпионлар Лигаси чемпионлигини қўлга киритди.
Фикрлар