
Лазизбек Муллажонов ҳақидаги хабарлар қанчалик тўғри? Ўзбекистон бокс федерацияси расмий изоҳ билан чиқди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Париж-2024 Олимпия ўйинлари олтин медал соҳиби Лазизбек Муллажонов ҳақида турли гап-сўзлар пайдо бўлди.
Аниқроғи, ижтимоий тармоқларда боксчимизда допинг моддаси аниқлангани ва бунинг натижасида Париж-2024 Олимпия ўйинлари олтин медали натижаси бекор қилиниши тўғрисида тасдиқланмаган хабарлар тарқалаётганди.
Бироқ бугун Ўзбекистон бокс федерацияси мазкур ҳолатга расмий изоҳ билдирди. Қуйида уни сизга тақдим этамиз.
"Ўзбекистон бокс федерацияси шуни маълум қиладики, бугунги кунда Муллажонов профессионал боксда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Спортчимиз доимий равишда допинг қоидаларига риоя қилиб келган ва допинг синама тестлари натижалари ҳар доим манфий чиққан бўлиб, жорий йилнинг 11 июнь куни Халқаро допинг қоидаларига кўра спортчимиздан допинг синама тести олинган ва Халқаро Тест агентлигига (ITA) томонидан тест натижаларига кўра тақиқланган моддалар борлиги аниқланганлиги юзасидан ахборот хати тақдим қилинди.
Спортчимиз Париж-2024 Олимпия ўйинларидан сўнг, 2024 йил 19 ноябр куни Фарғона шаҳридаги хусусий шифохонада соч кўчириб ўтказиш амалётини ўтказганли сабабли, 4 босқичли операция амалётида ва операциядан кейинги муолажаларда шифохона томонидан тақдим қилинган даволаниш учун дори воситаларини қабул қилганлиги ва ушбу дори воситаларида айрим тақиқланган допинг моддалари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси ва Лазизбек Муллажонов томонидан Халқаро Тест агентлигига (ITA) ушбу масала юзасидан керакли барча ҳужжатлар тақдим қилинган бўлиб, Лазизбек якуний қарор чиқишини кутмоқда.
Ижтимоий тармоқларда вакилимиз допинг қоидаларини бузганлиги сабабли Париж-2024 Олимпия ўйинлари олтин медали натижаси бекор қилиниши тўғрисида хабарлар асоссиз эканлиги ва юқоридаги ҳолат Олимпия ўйинларидаги натижасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини маълум қиламиз."
Фикрлар