Легионер футболчиларни ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказиш тартиби кучайтирилади
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси миллий чемпионатимизда фаолият олиб борадиган хорижлик футболчилар даражасини ошириш, клубларимизда сифатли ва чиндан маҳоратли легионерлар тўп тепишига эришиш мақсадида футбол клублари учун хорижлик футболчи ва мутахассисни рўйхатдан ўтказиш бўйича алоҳида шартлар белгилаш арафасида турибди.
Шу сабабли Мусобақалар Регламентининг хорижлик футболчи ҳамда мутахассисларни рўйхатдан ўтказиш қисмига айрим қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, хорижлик футболчи ёки мутахассис билан шартнома тузиш жараёнида футбол клуби қуйидагиларни ҳисобга олиши талаб этилади:
- футбол клуби 2023/24 йилги мавсум учун ОФК лицензиясини қўлга киритган бўлиши шарт (2023 йилги мавсумнинг қишки трансфер ойнаси ҳамда легионер футболчи билан амалдаги меҳнат шартномаси мавжуд бўлган клуб бундан мустасно);
- легионер ёки хорижлик мутахассис билан шартнома имзолашдан аввал футбол клуби мазкур шартнома лойиҳасини ЎФА билан келишиши ва шундан кейингина уни имзолаши лозим.
Қолаверса, рўйхатдан ўтказилаётган легионер футболчи ЎзПФЛ томонидан тўрт тоифага ажратиб олинади.
Олий тоифа. Қуйидаги мезонларга мос келувчи легионер футболчи:
- Европа ёки жаҳон чемпионатининг финал босқичи доирасида майдонга тушган футболчи;
- УЕФА коеффициентлар жадвалида дастлабки етти ўринда бораётган мамлакатлар олий дивизионининг якунига етган сўнгги мавсумида ёки давом этаётган мавсумида камида 10 та ўйинда майдонга тушган футболчи.
Биринчи тоифа. 2003 йил ва ундан кейин туғилган, сўнгги икки мавсум давомида ўз мамлакати терма жамоасининг расмий мусобақалар доирасидаги ўйинларида энг камида икки марта майдонга тушган футболчи.
Иккинчи тоифа. Қуйидаги мезонларга мос келувчи легионер футболчи:
- ФИФА рейтингида дастлабки 15 поғонада бораётган терма жамоа сафида ҳеч бўлмаганда 1 та расмий мусобақа доирасидаги ўйинда майдонга тушган ҳамда 31 ёшга тўлмаган футболчи;
- ўз мамлакати миллий терма жамоасининг расмий мусобақалар доирасидаги ўйинларида сўнгги икки йил давомида камида 2 марта майдонга тушган футболчи.
Учинчи тоифа. Юқоридаги мезонларга мос келмайдиган легионер футболчи.
Бунда, жаҳон амалиётида бўлгани сингари, легионер футболчи ёки хорижлик мутахассис хизматидан фойдаланувчи клуб одатдагидек, уларни ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказиш учун бир марталик пуллик тўловни амалга оширади. Аммо тўлов қилиш эндиликда легионернинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда бажарилади:
- Олий тоифага кирувчи легионер учун тўлов тасдиқланган миқдорнинг тенг ярмини ташкил қилади;
- биринчи тоифали легионер учун тўлов амалга оширилмайди;
- иккинчи тоифага кирувчи легионер учун тўлов тасдиқланган миқдорда амалга оширилади;
- учинчи тоифага кирувчи легионер учун тўлов тасдиқланган миқдордан иккига кўпайтириб амалга оширилади;
- Про лига клуби ҳар қандай легионер учун бир хилда — тасдиқланган миқдор кўринишининг тенг ярмида тўлов амалга оширади.
Футбол клубига 6 нафаргача легионер футболчини рўйхатдан ўтказиш учун рухсат этилади. Бунда улардан бири (ёки ҳаммаси) ОФКга аъзо мамлакат фуқароси бўлиши шарт (5+1).
Тизимида фарм жамоаси мавжуд клуб мазкур фарм жамоа учун легионер футболчини рўйхатдан ўтказишда ҳам юқоридаги чекловдан чиқмаслиги керак.
Бундан ташқари, футбол клуби легионер футболчини рўйхатдан ўтказишда қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин бўлади:
- агар легионер футболчи узлуксиз кетма-кет тўрт мавсумни Ўзбекистон клубларида ўтказган бўлса ва 2023 йилги мавсум тартиб бўйича унинг кетма-кет бешинчи мавсуми бўлса, мазкур легионер учун умуман тўлов амалга оширилмайди;
- агар легионер футболчи бир клуб сафида кетма-кет иккинчи мавсум учун ҳам рўйхатдан ўтказилса, мазкур футболчи учун белгиланган тўлов 50 фоизга қисқартирилади;
- агар легионер футболчи биринчи тоифага мансуб бўлса, клубга уни қайд этилган чеклов миқдорига қўшимча равишда рўйхатдан ўтказиш учун рухсат этилади.
Мақсад – чемпионатимизга ташриф буюрадиган хорижлик футболчилар даражасини ошириш, клубларнинг селекция ишларини жадал олиб боришига эришиш.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар