Легионеримиз бошчилигидаги жамоа еттита гол бўлган баҳсда мағлубиятни ғалабага айлантирди

Россия Миллий футбол лигасининг  17-турида ўзбекистонлик Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатов тўп сураётган “Нефтехимик” жамоаси Жигулевск шаҳрида “Акрон” меҳмони бўлди.

Ушбу учрашув юқори ўринлар учун курашаётган “Нефтехимик” учун ўта омадсиз бошланди ва Галиулин сардорлигидаги жамоа биринчи бўлим ўрталаригача ўз дарвозасидан бир жуфт гол олиб чиқди.

Азнаур Герюгов  ва Артём Делькиннинг аниқ зарбалари эвазига икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга ўтиб олган мезбонлар ғалабани ушлаб қола билмади.

“Нефтехимик” Илья Петров, Артём Котик ва Данил Кленкиннинг аниқ зарбалари эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бироқ ўйиннинг сўнгги дақиқалари драматик тарзда кечди. 85-дақиқада Артём Делькин учрашувдаги иккинчи голини киритиб, вазиятни тенглаштирди.

Лекин мезбонларга шу куни мағлубиятдан қутилиб қолиш насиб этмади. Ўйин якунланишига яқин Александр Юшин аниқ зарба билан меҳмонларга уч очко олиб берди – 3:4.

“Нефтехимик” сардори Вагиз Галиулин 75-дақиқада ўз ўрнини иккинчи легионеримиз Бобир Давлатовга бўшатиб берди.

Ушбу ғалабадан кейин “Нефтехимик” очколари сонини 31 тага етказиб, юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.

   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!