Легионеримиз бошқа шаҳарга кўчиб ўтиши мумкин
Россия премьер-лигасида тўп сураётган “Тамбов” клуби молиявий муаммоаларга дуч келгани ҳақида хабар берган эдик. Жасур Жалолиддиновни ижарага олган ушбу клуб спорт директори Павел Худяков тамбовликлар бошқа шаҳарга кўчиб кетиш мумкинлигини маълум қилди.
- Тўғрисини айтсам, бу мавзуни муҳокама қилиш ёқмайди. Клубда амалга оширилган ишлар кейинчалик бошқа шаҳарга кўчиб кетиш учун қилинмаган. Бу лойиҳаларнинг барчаси тамбовлик футбол мухлислари премьер-лига ўйинларидан баҳраманд бўлиши учун ҳаётга татбиқ этилган эди. Ҳозир барча ўй-хаёлларимиз жамоани Тамбов шаҳрида олиб қолишга қаратилган.
Агар 2021 йилнинг январь-февраль ойларида стадион қурилиши ва молиявий вазиятни ўнглаш бўйича ҳеч қандай ўзгаришлар юз бермаса, жамоани сақлаб қолиш учун кўчиб кетишимиз долзарб мавзуга айланади. Молиявий муаммоларимиз йиғилиб қолган. Лекин биз олдимиздаги бешта турда максимал даражада очко олишимиз керак, - деди Павел Худяков.
Агар “Тамбов” жамоаси келаси йил бошида бошқа шаҳарга кўчадиган бўлса, ўз-ўзидан ҳамюртимиз Жасур Жалолиддинов ҳам жамоадошлари билан бирга кетади. Чунки, “Тамбов” уни “Локомотив”дан мавсум охиригача ижарага олган. Шундай бўлса-да, ҳамюртимиз премьер-лигада ҳали дебютини нишонлагани йўқ.
Айни пайтда “Тамбов” футболчилари уй учрашувларини Саранск шаҳрида ўтказишга мажбур бўлмоқда.
Фикрлар