Легионеримиз гол урди
Қозоғистоннинг амалдаги чемпиони – “Ордабаси” янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Чимкентликлар ўтган йили ўз тарихида илк бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритди ва энди бу унвонни муносиб ҳимоя қилиши лозим.
“Ордабаси”нинг узоқ йиллик тарихидаги сенсацион ғалабасида икки ўзбек футболчиси – Шаҳбоз Умаров ва Бобур Абдухолиқов ҳам иштирок этди.
Шаҳбоз Умаров ўтган мавсумда чимкентликлар сафида Премьер-лиганинг 22 та учрашувида майдонга тушиб, ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйди.
Бобур Абдухолиқов эса, чемпионатнинг барча учрашувларида иштирок этган “Ордабаси”нинг ягона ўйинчиси бўлди. Бу баҳсларда тажрибали форвардимиз рақиблар дарвозасини етти маротаба ишғол қилди.
Бобур кутилмаганда легионерлик фаолиятини якунлашга қарор қилди. Абдухолиқов юртимизга қайтиб келди ва янги мавсумда қадрдон жамоаси “Насаф”да ўйнайдиган бўлди.
“Ордабаси” Бобур Абдухолиқовнинг ўрнига ўзбекистонлик бошқа номдор футболчи – Жасур Яхшибоевни қўшиб олди.
Қозоғистонлик экспертлар Беларусь, Польша ва Молдова чемпиони ва “Реал”га Мадридда гол урган ўзбек легионери жамоани кучайтира олишига юқори баҳо бермоқда.
Туркияда ўқув-машҳулот йиғини ўтказаётган чимкентликлар Россиянинг “Факел” жамоаси билан ўртоқлик учрашувида куч синашди. Қизиқарли ўтган баҳсда Шаҳбоз Умаров ва Жасурбек Яхшибоев бошланғич таркибда майдонга тушди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Осиё кубогида иштирок этиб қайтган Шаҳбоз Умаров яхши спорт формасида эканини кўрсатди. Легионеримиз россияликлар дарвозасини ишғол қилди. Бироқ бу чемпион жамоани мағлубиятдан қутқара олмади – 1:2.
Ушбу баҳсдан кейин “Ордабаси” футболчиси Темирлан Ерланов ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мавсумга тайёргарлик ҳақида маълумот берди.
- “Факель” билан жуда яхши ўйин бўлди. Афсуски, ютқазиб қўйдик. Йўл қўйилган хатоларни тўғрилаб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўрамиз.
Жамоага яхши тажрибага эга янги ўйинчилар қўшилган. Жасур Яхшибоев Польшанинг “Легия”сида ўйнаган. Янги ҳимоячи Игорь Пластун “Лудогорец”дан келди. Улар жамоага ёрдам беришига ишонамиз.
Мухлислар янги мавсумда жамоанинг чемпионатда ва Европа Чемпионлар лигасидаги ўйинларга тайёргарлигига қизиқяпти. Ҳеч бир ўйинчи майдонга ютқазаман, деб тушмайди. Албатта, биз ҳам ҳаракат қиламиз, насиб қилган бўлса, ютамиз, - деди Темирлан Ерланов.
Фикрлар