Ўзбек ҳужумчисини Премьер-лига клуби ўз сафига қўшиб олди
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари қўшни Қозоғистон Премьер-лигасини доим алоҳида қизиқиш билан кузатиб келади. Чунки қозоқ клублари мунтазам ўзбек футболчилари хизматидан фойдаланади.
Ўтган мавсумда Премьер-лигада Шаҳбоз Умаров, Бобур Абдухолиқов ва қисман Игорь Сергеев тўп тепди. Шаҳбоз ва Бобур "Ордабаси"ни тарихда илк бор чемпион бўлишига кўмаклашиб юборди. Сергеев эса, "Тобол"дан Таиландга йўл олди.
Янги мавсум олдидан Қозоғистон клублари ўзбекистонлик чарм тўп усталари ёрдамида таркибини кучайтириб олмоқда.
Қизилўрданинг “Қайсар” клуби эркин агент мақомида юрган тажрибали форвард Шоҳнахар Норбековни ўз сафига қўшиб олди. Бу жамоа 29 ёшли ҳужумчи билан жорий йилнинг охиригача давом этадиган шартнома тузди.
Норбеков Бекободнинг “Металлург” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолиятини 2011 йилда бошлаган Шоҳназар Ўзбекистон юқори дивизионида АГМК, “Сурхон”, “Қўқон-1912”, “Турон” клублари шарафини ҳимоя қилган.
Тажрибали ўйинчи ўтган мавсумни Индонезиянинг “Сада Сумут” жамоаси таркибида ўтказди.
Шоҳназар Норбеков универсал ҳужумчи ҳисобланади. Асосий амплуаси марказий ҳужумчи бўлишига қарамай, ҳар икки қанотда ўйнай олади.
У фаолияти давомида клублар миқёсида жами 196 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 29 та гол ва 16 та ассист ёздириб қўйган.
“Қайсар” жамоаси ўтган мавсумни ўртамиёна ўтказди. Қизилўрдаликлар 26 та учрашувда ўнта ғалаба, олтита дуранг ва ўнта мағлубият қайд этиб, 36 очко билан мусобақа жадвалида олтинчи поғонани банд этди.
Янги мавсумда жамоа шарафини маҳаллий футболчилар қатори ўн бир нафар легионер ҳимоя қилиши кутилмоқда. Россиялик дарвозабон Степан Сикач, ҳимоячилардан украиналик Виталий Приндета, буркина-фасолик Бен Загре, бразилиялик Жоао Педро, россиялик Владимир Гинаитис, ярим ҳимоячилардан черногориялик Горан Милойко, ивуарлик Крис Дэнни Экра, беларуслик Василий Совпель ва Дмитрий Бородин, сербиялик ҳужумчи Никола Душич ўтган мавсумда ҳам “Қайсар”да ўйнаган эди.
Шоҳназар Норбеков бу мавсум клубга қўшиб олинган ҳозирча ягона легионер бўлди. Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world портали футболчимизни 200 минг еврога баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, янги мавсумда Қозоғистон Премьер-лигасида Шоҳназар Норбековдан ташқари яна уч нафар легионеримиз тўп тепади.
Шаҳбоз Умаров “Ордабаси”даги фаолиятини давом эттирадиган бўляпти. Чимкентликлар сафига Жасурбек Яхшибоев ҳам қўшилди.
“Қайрат” клуби ўзбекистонлик чап қанот ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошевни Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасидан йил охирига қадар ижарага олди.
Фикрлар