Легионеримиз жамоаси муҳим ўйинда кучли рақибни енгди
Россия Миллий футбол лигасидаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Томь” клуби 33-тур учрашувида Москванинг “Торпедо” жамоаси билан куч синашди.
Таъкидлаш жоизки, бу учрашувда ҳар икки жамоага ғалаба жуда муҳим эди. Мезбонлар хавфли ҳудуддан чиқиш учун ҳар бир баҳсда очко олишга мажбур, москваликлар эса премьер-лига йўлланмасини берадиган ўтиш турнирида қатнашиш ҳуқуқини берадиган тўртинчи ўринга даъвогар.
Легионеримиз Виталий Денисов сардорлик қилаётган “Томь” шу куни анча ишончли ўйин намойиш қилди. Денисов ҳимояда мустаҳкам туриш баробарида бир неча марта хавфли ҳужум ҳам уюштириб берди.
Беллашув тақдирини ҳал қилган ягона гол иккинчи бўлим ўрталарида урилди. Қишки трансферлар вақтида жамоага қўшилган 19 ёшли Никита Кривцов аниқ зарба билан “Торпедо” дарвозасини ишғол қилди.
Виталий Денисов 85 дақиқа фаол ўйнади ва ўйин якунланаши арафасида захирага олинди.
Муҳим учрашувда 1:0 ҳисобида зафар қучган “Томь” очколари сонини 27 тага етказиб олди. Томскликлар хавфли ҳудудни тарк этиш учун 16-ўринда турган “Кроснадор-2” билан етти очколик фарқни йўққа чиқариши керак.
“Торпедо” эса тўртинчи ўринда турган “Алания” билан тенглашиб олиш имкониятини бой берди. Москваликлар ҳисобидаги очколар сони 57 талигича қолди.
Фикрлар