Легионеримиз клубини ўзгартирди. У янги жамоаси билан ОФК Кубогига тайёрланяпти

Хорижда тўп сураётган легионерларимиз талайгина. Аммо, кўпинча эътиборда бўлаётган футболчиларимиз ҳақида ёзамиз. Бироқ ҳали кўзга ташланмаган, шунга қарамай, легионер сифатида ўсишга эришаётган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Уларга ўзимизнинг чемпионатда етарлича имконият берилмагани сабабли ўз омадларини қўшни мамлакат чемпионатларидан излашга тушадилар.

Ана шундай футболчилардан бири – Муҳриддин Аҳмедов. У ўтган йили Қирғизистоннинг “Қора-Болта” жамоасида тўп сурди. Дарвоқе, у жамоа сардори сифатида фаолият олиб борди. Бу йил эса Аҳмедовга Тожикистоннинг “Равшан” клубидан таклиф бўлди. Бу жамоа ОФК Кубогида иштирок этади ва гуруҳида “Дордой”, “Ахал” каби жамоалар бор.

Куни кеча интернет орқали Аҳмедовнинг бир қатор ўйинларига кўзимиз тушди. Аввалига, бу иқтидор эгаси ким экан, деб ўйланиб қолдик. Чунки унинг ўйинлари анча ишончли эди. Кейин суриштирсак, ўзимизнинг футболчи бўлиб чиқди. Натижада Муҳриддин Аҳмедов билан боғландик. Легионеримиз шу пайтгача босиб ўтган йўли ҳақида гапирар экан, жумладан шундай деди:

ахмедов4_1

- Футболга кириб келишимга келсак, 7 ёшимдан бошлаганман. Қўқонда “Кимёгар” стадиони бўларди, ўша ерга борардим. Дадам ҳам футболчи бўлган. Кейинчалик бошқа иш билан шуғулланишга мажбур бўлган. Футболни танлашимга дадам сабабчи. Ёшлигимда телевизор орқали футбол ўйинларини кўриш менга кўпроқ ёқарди. Кейинчалик мени стадионга олиб боришганида, биринчи бўлиб дарвозани кўрганман. Кимнинг қайси позицияда тўп суришига аҳамият ҳам бермаганман, кўзим фақат дарвозага тушган. Биринчи мураббийим Иброҳим ака менга, “сен қайси позицияда ўйнайсан”, деб сўраганида дарвозага қараб икки устун орасини кўрсатганман. Шундай қилиб футболга кириб келганман.

ахмедов1

Ўзим қўқонликман. Илк бор Қўқон жамоасининг ўринбосарлар таркибида тўп суришни бошлаганман. У пайтда бош мураббий Рустам ака Абдуллаев эди. Ўшанда мураббий мени вақти-вақти билан асосий жамоага ҳам жалб қилиб турарди. Кейинчалик турли сабабларга кўра, биринчи лига клубларида фаолиятимни давом эттирдим. “NBU-Осиё”, “Чуст-Пахтакор”, “Норин”, “Турон” сингари клубларда тўп сурдим. Ҳозирча, Суперлигада дебютимни ўтказганим йўқ.

Ўзбекистондаги охирги клубим “Турон” эди. Кейин менга Қирғизистоннинг “Қора-Болта” жамоасидан таклиф бўлди. Аввало, менинг ўйинларимни кўришмоқчи бўлишди ва ёқса шартнома имзолашга келишдик. Мендан ташқари, молдовалик ҳамда сербиялик посбонлар ҳам бор эди. Йиғинда яхши қатнашганимдан кейин, менга шартнома беришди ва қўл қўйдим. Биринчи ўйиндан сўнг, пандемия бўлиб қолди. Натижада барча легионерларни ортга қайтаришди, аммо мени олиб қолишди. Шундан сўнг, чемпионат марказлашган ҳолда ўтди. Ҳамма ўйинларда иштирок этдим. Орада эса бир марта қизил карточка ҳам олдим.

ахмедов3_1

Тожикистоннинг “Равшан” клуби бош мураббийи менга қўнғироқ қилиб жамоасига таклиф қилди. Қарасам, бу клубнинг вазифалари жиддий экан. Бунинг устига ОФК Кубогида иштирок этади. 3 апрель куни Тожикистон Суперкубогида “Истиқлол” клубига қарши ўйнайди. Бу клуб менга квартира берди. Яқин орада Туркияда йиғин ўтказиш режалаштирилган. “Равшан” клубида футболчиларга эътибор яхши. Ўз олдига қўйган мақсадлари жиддий. Чунки клуб ОФК Кубогида иштирок этади. Аввало, гуруҳдан чиқиш мақсади қўйилган. Агар айтилаётган ойлик маош бўйича келишиб, шартномага қўл қўйсак, бу мени қониқтиради. ОФК Кубогида бизнинг гуруҳда учта жамоа бор. Бу ўйинлар Тожикистонда ёки Ўзбекистонда ҳам ўтказилиши мумкин.

ахмедов_2

Олий мақсадим албатта Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриш. Ўзимизнинг Суперлигада ҳам фаолият олиб боришни истайман. Уйдан, ота-онадан узоқда юриш осон эмас. Бундай туйғуларни мен яхши биламан. Шундай экан, вақти келиб Ўзбекистон Суперлигасида ўзимни кўрсатиш имконияти берилса, бундан максимал фойдаланаман, - дейди Муҳриддин Аҳмедов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Genoa
22/02/2021 18:52
Gazzini bos shovvoz