Легионеримиз қадрдон устози кўз ўнгида гол урди
Қозоғистон Премьер-лигасининг 10-тур учрашуви ушбу чемпионатда қатнашаётган ўзбекитонлик футболчилар учун омадли келди. Лигада ўйнаётган тўрт нафар ҳамюртимиздан учтаси ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
Амалдаги чемпион – “Ордабаси”нинг энг яхши тўпурари бўлиб турган Жасурбек Яхшибоев Чимкентда “Четису” жамоасига қарши ўтказилган учрашувда узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, чемпионатдаги тўртинчи голини киритди.
Бу баҳсда чимкентликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва чемпионлик унвонини сақлаб қолиш учун курашни давом эттирмоқда.
“Қайсар” жамоасидан қўним топиб, қўшни мамлакат чемпионатида дебют мавсумини ўтказаётган тажрибали ҳужумчимиз Шоҳназар Норбеков тур қаҳрамонларидан бўлди. Унинг жамоаси сафарда машҳур клублардан “Тобол” меҳмони бўлди.
Беллашувнинг 80-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилган легионеримиз тўхталишлар қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Бу 29 ёшли ҳужумчимизнинг мавсумдаги дастлабки голи бўлди.
Қозоғистон Премьер-лигасининг 10-турида кўпчилик мухлису мутахассислар эътиборини қозонган учрашув “Қайрат” ва “Шахтёр” ўйини бўлди. Шу куни россиялик машҳур мураббий Александр Кержаков “Қайрат” бош мураббийи сифатида дебют ўйинини ўтказди.
Голлар бой белган баҳс мезбонларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Эътиборлиси, “Қайрат” таркибида тўп тепаётган ҳимоячимиз Иброҳимхалил Йўлдошев жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Бу ҳамюртимизнинг чемпионатдаги биринчи, лекин Қозоғистондаги иккинчи голи. Мброҳимхалил яқинда Лига кубоги доирасида ўтказилган баҳсда ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилганди.
23 ёшли футболчимиз аслида Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасига тегишли. Илгари Иброҳимхалил Йўлдошев Россия Премьер-лигасида мазкур клубда айнан Александр Кержаков қўл остида ўйнаб, Москванинг “Спартак” жамоаси дарвозасини ишғол қилганди.
Умуман олганда, юқоридаги уч нафар легионеримиздан ташқари, Шаҳбоз Умаров ҳам “Ордабаси” сафида ярим соатга яқин тўп тепди. Лекин истеъдодли ҳужумкор футболчимиз бу гал самарали натижа қайд эта олмади. Лекин Шаҳбоз ҳам жорий чемпионатда аввалги турларда голлари ва ассистлари ҳисобини очиб қўйган.
Фикрлар