Легионеримизнинг кутгани бўлмади, афсус!
Қозоғистон премьер-лигасининг 25-турида “Ордабаси” чемпионлик учун курашаётган “Актобе” билан куч синашди.
Хабарингиз бор, “Ордабаси” сафида икки ҳамюртимиз – ҳимоячи Одилжон Абдумажитов ва ҳужумкор футболчи Шаҳбоз Умаров тўп тепмоқда.
Мазкур учрашувда “Актобе” футболчилари биринчи бўлимда иккита тўп киритиб, ҳисобда олинга ўтиб олди. Мезбонлар баҳснинг иккинчи ярмида вазиятни тенглаштиришга улгурди. Ўйин 2:2 ҳисобида жанговар дуранг билан якунланди.
Беллашувда Одилжон Абдумажитов тўлиқ ўйнаган бўлса, Шаҳбоз Умаров 77-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди. Учрашувдан кейин Умаров клуб матбуот хизматига берган интервьюсида ўйин натижасидан қониқмаганини маълум қилди.
- Биринчидан, мухлисларимизга миннатдорлик билдирмоқчиман, улар бизни 90 дақиқа давомида муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб турди. Биз бир бор тўп ўтказдик, кейин иккинчи гол ҳам урилди. Йигитлар характер кўрсатди ва ўйинга тез қайтиб олишди.
Биз ўйинда мағлубиятдан қутилиб, ҳисобни тенглаштириб олдик. Афсуски, ғалаба қозонолмай қолдик. Мақсадимиз битта ва аниқ эди – биз ютишимиш шарт эди. Буни бизни қўллаб-қувватлаш учун аренага келган ва биздан муваффақият кутган мухлислар учун амалга оширмоқчи эдик.
Олдимизда чемпионатнинг сўнгги ўйини бор. Биз бор эътиборимизни шу баҳсга пухта тайёрланишга қаратамиз, - деди Шаҳбоз Умаров.
Таъкидлаш жоизки, 23 ёшли футболчимиз Шимкент жамоасида ижара асосида тўп тепмоқда. Умаров асли Беларуснинг БАТЭ жамоасига тегишли. Жорий йилнинг бошида бош мураббий билан чиқиша олмагани учун ўйин амалиётисиз қолиб кетган Шаҳбоз УЕФА вакили – Қозоғистон премьер-лигасига кўчиб ўтишга қарор қилди.
Умаров премьер-лига ва мамлакат кубоги доирасида 12 та учрашувда майдонга тушиб, жамоадошларига тўртта голли пас узатди. Қозоғистон чемпионати тугаши билан ҳамбртимиз БАТЭ ихтиёрига етиб боради.
Унинг Борисов клуби билан шартномаси 2023 йилнинг 31 декабрига қадар тузилган. Ҳозир БАТЭ жамоасида бош мураббий ва мураббийлар штаби алмашган. Футболчимизнинг ўзи келажаги борасида Беларусга қайтганидан кейин бир қарорга келишини айтган.
Шаҳбоз Умаров “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. “Шерлар” сафидан кетганидан кейин юртимизда АГМК шарафини ҳимоя қилди ва 2020 йилнинг бошида Беларусга йўл олиб, “Энергетик-БГУ” жамоасига қўшилди.
Кейинчалик БАТЭга кўчиб ўтган легионеримиз Беларусь олий лигасининг энг зўр футболчиларидан бири ҳисобланади. Бироқ, юқорида айтилганидек, борисовликларга устозлик қилган Александр Михайлов билан зиддияти унинг фаолиятига салбий таъсир қилди.
Шаҳбоз Умаров клублар миқёсида жами 99 та учрашувда майдонга тушиб, ўнта гол ва 17 та ассист қайд этган.
2021 йилнинг октябридан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод. Ҳозирча, мамлакатимиз бош жамоасида тўрт маротаба майдонга тушган.
Фикрлар