“Рома” ютқазди, Шомуродов “сеҳрли таёқча” бўлолмади, ғазабланган Моуриньо нималар деди?
А Серияда 11-турнинг марказий учрашуви “Олимпико” стадионида “Рома” ва “Наполи” ўртасида бўлди.
Ўйиндан олдин римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо чемпионатда ҳали мағлуб бўлмаган ягона жамоа – “Наполи”нинг ҳам енгиладиган пайти келганини айтганди.
Бироқ, амалда бундай бўлиб чиқмади.
Мезбонлар яхшироқ ҳаракат қилган бўлса-да, ғалаба неаполликларга насиб этди. Ўйиннинг 81-дақиқасида Виктор Осимхен томонидан киритилган ягона гол “Наполи” ғалабасини таъминлади.
Биз учун аҳамиятлиси, Элдор Шомуродовнинг майдонга тушгани бўлди. Жозе Моуриньо Элдор жамоани мағлубиятдан қутқаради, деган умидда уни голдан кейин – 86-дақиқада майдонга туширди.
Шомуродовга берилган дақиқалар ҳамюртимизга “Рома”ни мағлубиятдан қутқариб қолишга етмади.
Ўйиндан кейин Жозе Моуриньо рақиб жамоа ғалабага лойиқ эмаслигини очиқ таъкидлади.
- Биз мағлубиятга лойиқ бўлмаган жуда яхши ўйин ўтказдик. Мен бу баҳсда ғалаба қозонишни истагандим ва рақиб дарвозасига бир неча зарба бериш орқали мақсадимизга етмоқчи эдик.
Ўйин жуда оғир бўлди, лекин биз уни яхши назорат қила олдик, бироқ сариқ карточкалар кўпайиб кетганидан кейин муаммога дуч келдик. “Наполи” бўлса, иккинчи бўлимда камсонлик хавфли вазиятлардан биттасидан унумли фойдаланиб қолди. Агар Брайан Кристантеда огоҳлантириш бўлмаганида, рақибнинг қарши ҳужумини эртароқ фол қўллаб тўхтатган бўларди.
Бундан ташқари, футболчиларимизнинг чарчаб қолаётгани ҳам муаммолардан бири ҳисобланади. Тенг кучли захирага эга эмасмиз. Шунингдек, жароҳатларнинг кўплиги ҳам бизни қийнаяпти. Бу ўйинда 70-дақиқадан кейин муаммолар кучайиб кетди.
Учрашувда адолатсизликни ҳис қилдим ва бунинг учун ўйинчиларимга ачинаман. Улар имконлари борича ўйнади, айниқса, мағлубиятдан қутилиб қолишга кўп ҳаракат қилди.
“Наполи” яхши жамоа. Бизда эса сариқ карточкалар сони, чарчаган ва охиригача тайёр бўлмаган ўйинчилар ва захира ўриндиғининг калталигига қаранг...
Ҳакам ҳақида гапиришни истамайман. У яхши ва барқарор инсон, деб ўйлайман. Лекин менга ҳамма ҳаракати ҳам ёқмади.
Нолойиқдек туюлаётган бўлса ҳам “Наполи”ни ғалаба билан табриклайман. Шунингдек, ўз шогирдларимни ҳам табриклайман, енгилган бўлсак ҳам, жамоа мағлубиятга лойиқ эмасди, - деди Жозе Моуриньо.
“Наполи” сафар учрашувидаги ғалабадан сўнг очколари сонини 29 тага етказиб, пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди. Ҳисобида 22 очко билан қолган “Рома” учинчи ўринга чиқиб олиш имконини бой берди ва мусобақа жадвалининг бешинчи поғонасида қайд этилган.
Бу икки жамоа орасида жойлашган “Милан”да 26, “Лацио” ва “Аталанта”да 24 тадан очко бор.
“Рома” А Сериядаги навбатдаги учрашувини 31 октябрь куни сафарда “Верона”га қарши ўтказади.
Фикрлар