Легионеримизнинг ягона голи жамоасига ғалаба келтирди

Туркия Суперлигасининг янги мавсумига пухта тайёргарлик кўраётган “Сивасспор” жамоаси бир неча босқичли ўқув-машғулот йиғинларини ўтамоқда.

Йиғинлада Ўзбекистон миллий терма жамоси аъзоси Азизбек Турғунбоев ҳам фаол иштирок этмоқда.

“Сивасспор” футболчилари навбатдаги ўртоқлик учрашувида “Эрзурумспор” жамоасига қарши майдонга тушди.

Қизиқарли ўтган беллашувда сивасликлар кичик ҳисобда зафар қучди. Баҳснинг 56-дақиқасида Азизбек Турғунбоев томонидан киритилган гол ягоналигича қолди.

“Сивасспор” ўтган мавсумни еттинчи поғонада якунлаган эди. Бу гал жамоа олдига юқори ўринлар учун курашиб, Еврокубокларга йўлланма олиш вазифаси юклатилган.

Азизбек Турғунбоев 2024 йилнинг январь ойида Қатарда ўтказилган Осиё кубогидаги муваффақиятли ўйинидан кейин Туркия клуби билан шартнома тузиб, фаолиятида илк бор легионерга айланган эди.

Бир неча позицияда ўйнай оладиган тажрибали универсал футболчимиз Туркия Суперлигасидаги дебют мавсумида 12 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйди.

Туркияда Суперлиганинг янги мавсуми 11 августдан старт олади. “Сивасспор” футболчилар биринчи турда ўз майдонида етакчи клублардан ҳисобланган “Трабзонспор” жамоасини қабул қилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
25/07/2024 17:37
Азизбекка омад тилаймиз!