Леннокс Льюисдан ўзига хос интервью ёхуд у қандай рекорд соҳиби саналади?

Супер оғир вазнли (90,7 кгдан оғир) британиялик собиқ мутлоқ чемпион Леннокс Льюис YouTube Fight Disciples каналига интервью берди.

Суҳбат чоғида, афсонавий британиялик супер оғир вазн дивизионидаги чемпионлик борасида фикр билдирди. Ҳозирги давр жангчиларига баҳо бериб, бирлаштирилган WBA/WBO/IBF чемпиони Энтони Жошуа (23-1, 21 КО) билан бўлган баҳсли воқеани шарҳлаб ўтди.

- Сиз ҳалиям, супер оғир вазн тоифаси мутлоқ чемпиони ҳисобланасиз.

- Худди шундай.

-Бу ғурурланса арзийдиган сабаб. Шундай бўлса-да, 20 йил мобайнида ушбу дивизионда яна битта мутлоқ чемпион чиқмагани ачинарли эмасми?

-Умуман олганда, йўқ (кулади). Биламан, лекин барибир бу қачонлардир амалга ошади. Мана 20 йил ўтибди, бу воқеанинг рўёбга ошиши яна ҳам чўзилиши мумкин. Шундай экан, менинг рекордим янгиланишига яна бир-икки йил бор (кулади).

-Сиз, бу ҳодиса яқин кунларда содир бўлмайди, деб ўйлайсизми? Бундай жанглар ўтказилиши учун масъулиятни кўпроқ боксчилар ўз зиммасига олишлари керакми?

-Ҳа, боксчилар ва промоутерлар. Ҳаммаси сенинг ҳоҳишингга боғлиқ. Менга келсак, мутлоқ чемпионлик энг асосий мақсадларимдан бири эди. Мана нима учун мен, бокс билан хайрлашишимдан олдин ўша йигитларнинг барчаси билан жанг қилиб чиқдим. Ўз ниятимга етишиш, асосий орзуларимдан бири эди.

- Яқин бир-икки йил ичида супер оғир вазн тоифасида мутлоқ чемпионни кўришимизга ишонасизми?

-Ҳа, биз шунга яқинлашиб келаяпмиз.

- Ҳозирги давр супер оғир вазн тоифаси жангчиларига қандай баҳо берасиз?

- Жуда кучли боксчилар даври. Ҳар хил услубдаги чармқўлқоп усталари йиғилган. Энтони Жошуа, Тайсон Фьюри, Деонтей Уайлдер, Африка, Швеция, Австралиядан сизлар эшитмаган кўпгина боксчилар мавжуд. Улар ҳам ўзларидан яхши ном қолдиришлари мумкин.

- Даниэль Дюбуа ҳақида нималар дея оласиз?

- Унинг ўнг қўл зарбаси жуда кучли. Ёш иқтидор эгаси, ўз устида кўп меҳнат қилиб, маҳоратини ошириб бориши зарур. Яқин келажакда унинг юқори натижаларга эришишига ишонаман.

- У Жо Жойс билан жанг қилади.

- Жойс ҳам иқтидорли боксчи.

- Энтони Жошуани эслаб ўтдингиз. Яқин кунларда у билан орангизда кичик можароли воқеа бўлганди. Бу бир-бирингизга нисбатан ҳурматсизликку?

- Жуда ҳам хунук воқеа... Лекин, биласизми? Мен бундай ҳолатларга эътибор бермайман. Ёшим ундан катта ва мен донороқ бўлишим керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!