Леван Арвеладзе: "Ўзбекистон Суперлигаси мен учун янги тажриба бўлди"
“Андижон” сафида икки йилдан бери фаолият олиб бораётган легионер Леван Арвеладзе “Бургутлар”нинг ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшди. Якунига етган чемпионатда Леван “Андижон” таркибида 30 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди.
- Леван, аҳволингиз яхшими? Мавсум тугагач, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Ҳозирча ишларим яхши. Оғир ўтган мавсумдан кейин бутун эътиборимни тикланишга қаратяпман. Мавсум парвозлар ва пастга шўнғишга бой бўлди. Ҳозир таътил вақти. Янги мавсумга янги куч ва зўр иштиёқ билан кириб келиш учун яхшилаб дам олишнинг айни фурсати.
- Бу йил илк бор “Андижон” билан Кубокни қўлга киритдингиз. 2024 йил сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ажойиб ҳис-туйғулар ва энг асосийси, “Андижон” учун тарихий ҳисобланадиган ғалабага ҳиссамни қўша олганимдан жуда ҳам бахтиёрман. Муваффақият йўлида бизни зўр бериб қўллаб-қувватлаб келган ишқибозларимизга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Зеро, бу ютуқда уларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди, дея баралла айтиш керак.
- Леван, “Андижон” жамоасида икки мавсумни ўтказдингиз. Фаолиятингизда бу клубнинг ўрни қандай?
- “Андижон”да футболдаги ҳаётимнинг бир қисмини яшаб ўтдим, дея оламан. Ўзбекистон Суперлигаси мен учун янги тажриба бўлди. Айниқса, фанатларнинг ишончи ва доим қўллаб келишлари ишга бўлган иштиёқимни оширишга ёрдам беряпти. Бунинг учун уларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.
- Кубок финалини неча марта томоша қилдингиз?
- Кубок финалини тўлиқ ҳолда фақат бир марта томоша қилдим. Ўзи шундоқ ҳам баҳс давомида эсда қоладиган ҳолатларни хаёлан юз марталаб ўтказаман.
- Жамоада энг жиддий ва қизиқарли футболчи ким?
- Жамоамиз жуда ҳам аҳил. Жиддий бўлиш керак бўлган паллада ҳамма жиддий, ҳазиллашиш пайтида эса барча қувноқ бўлади! Энг жиддийлар Илдар Маматказин ва Игорь Литовка бўлишса, энг қувноғи сифатида Владимир Бубаньяни кўрсатишим мумкин.
- Кейинги режаларингиз қандай?
- Яна такроран айтмоқчиман: ҳозир таътил ва яхшилаб дам олмоқдаман. Шартномам ниҳоясига етди ва янги таклифни кутяпман. Юқорида қайд этиб ўтганимдек, янги мавсумга - янги куч ва янги вазифалар билан кириб бормоқчиман.
Фикрлар