Левандовски "Барселона" билан боғлиқ катта сирни очди
“Барселона” ҳужумчиси Роберт Левандовски клуб раҳбарияти томонидан қилинган ғалати илтимос ҳақидаги миш-мишларни тасдиқлади. 2022/2023 йилги мавсум якунида футболчидан камроқ гол уриш сўралган.
“Гапиришни истамайдиган айрим масалалар бор. Мен "Барселона"ни ва ушбу клубда ишлайдиган барчани ҳурмат қиламан. Жамоанинг оғир аҳволда эканини яхши билардим. "Барса" манфаати учун кўп иш қилишим керак эди.
Бу ҳолат бонус тўловлари билан боғлиқ эди. Ўша пайтда клуб ҳар бир еврога аҳамият бераётганди, бу жуда муҳим эди. Мен учун эса бу вазият ҳеч нарсани ўзгартирмади. Лекин доим ўйлаб юрардим: "гол урайми ёки йўқ", — деди Левандовски Rymanowski Live YouTube каналига берган интервьюсида.
Маълумот учун, форвард 2022 йил ёзида “Бавария”дан каталонияликлар сафига ўтган. "Кўк-анорранглилар"даги дебют мавсумида у барча мусобақаларда 46 та ўйин ўтказиб, 33 та гол урган. Агар унинг самарадорлиги янада юқори бўлганида, “Барселона” немис клубига бир неча миллион евро миқдорида бонус тўлашига тўғри келар эди.



Фикрлар