Левандовски Ямални нега уришиб берганини айтди
Испания чемпионатининг 13-туридан ўрин олган “Барселона” ва “Алавес” учрашувида Роберт Левандовски ёш жамоадоши Ламин Ямалга бақиргани ва уни қўл берганига жавоб қайтармагани кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Бунга сабаб 16 ёшли футболчи рақиб жарима майдончаси ичида қулай вазиятда турган 36 ёшли тўпурарга тўпни узатмагани сабаб бўлди.
Роберт Левандовски бу вазиятга изоҳ берди.
- Тўғрисини айтсам, бу изоҳ беришга арзийдиган ҳолат эмас. Ламин билан муносабатим ҳақида гапирадиган бўлсам, мен у билан жуда кўп мулоқот қиламан, ёрдам бераман ва маслаҳатларимни аямайман.
Шу маънода, майдонда ўйин вақтида гапимни яхшироқ эшитиши учун бақиришим ҳам нормал ҳолат, деб биламан. Унга беш ташламаганим тоза тасодиф. Бундан бирор нотўғри маъно чиқариш керак эмас.
Испан матбуоти мана шундай ҳолатлар орқали шов-шув кўтаришга ўч ва ҳар бир нарсани ўзига маъқул тарзда талқин қилади. Булар аҳамиятсиз нарсалар, - деди Роберт Левандовски.
Фикрлар