Левандовскига яхши иш чиқди
Жорий мавсум охирида “Барселона” ҳужумчиси Роберт Левандовскининг амалдаги шартномаси якунланади ва шу боис унинг Каталониядаги келажаги мавҳум бўлиб турибди.
“Барса” раҳбарияти 37 ёшли футболчига янги битим таклиф қилгани йўқ ва ҳужумчи атрофидаги вазиятни кузатиб турган клублар Левандовскини олиш ҳаракатини бошлаяпти.
Хусусан, MLS клублари Робертни шу ёзда эркин агент сифатида сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда.
Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, MLS жамоалари вакиллари польшалик тўпурар билан ҳамкорлик борасида “аллақачон алоқага чиққан”.
37 ёшли Левандовски қарийб тўрт йилдан бери “Барселона” сафида тўп сурмоқда. Шу вақт давомида у 179 та учрашувда майдонга тушиб, 115 та гол урди ва 23 та голли узатма амалга оширди.
Шу тариқа, сўнгги йилларнинг энг сермаҳсул ҳужумчиларидан бири, агар томонлар Испания гранди билан шартномани узайтириш борасида келишувга эриша олмаса, фаолиятини АҚШда давом эттириши мумкин.
Фикрлар