Левченконинг ишончи, рақобат ва мухлислар ҳақида "Нефтчи"нинг ёш юлдузи Улуғбек Ҳошимов билан интервью

Хабарингиз бор, "Нефтчи"  футбол клуби Туркияда ўқув-йиғин машғулотларини олиб бормоқда.

Фарғоналиклар матбуот хизмати иқтидорли ҳужумчи, Ўзбекистон ОТЖ аъзоси Улуғбек Ҳошимов билан Туркиядаги жараён ва ўтган мавсум якунлари бўйича интервью уюштирди.

-Улуғбек янги мавсумга тайёргарлик қандай кечмоқда?

"Тайёргарлик режасига асосан, ҳозирги кунда Анталияда машғулотлар олиб бормоқдамиз. Янги мавсум учун таассуротлар ижобий. Машғулотлар кўнгилдагидек ўтмоқда".

-Янги мавсумда ҳам жамоамиз сафида тўп сурадиган бўлдингиз? Клубда қолишга кўпроқ нима туртки бўлди?

“Нефтчи” жамоаси билан икки йилдан буён биргамиз. Авваламбор, клубда қолишга Виталий Левченконинг ишончи омил бўлди. Бундан ташқари, клубда ички муҳит аъло даражада. Шуларни инобатга олиб, клубда қолишга қарор қилдим".

-Янги мавсумда ҳужум чизиғида яхшигина рақобат кўришимиз мумкин? Рақобатдан чўчимайсизми?

"Рақобат бор жойда ўсиш бўлади”, деб бежиз айтишмаган. Рақобатдан қўрқмайман, “Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди!”

-Рақобат кўпроқ қайси футболчилар билан бўлади деб ўйлайсиз?

"Ҳужум чизиғи ва қанот вингерлари барчаси рақобат қила олади, деб ўйлайман".

-Сизга соф марказий ҳужумчи ролида ўйнаш қулайми ёки қанот вингери амплуасими?

"Ўзимни ҳар икки позицияда ҳам яхши ҳис қила оламан. Асосийси, қайси позицияга қўйишса, ўша чизиқда мураббийнинг кўрсатмаларини бажара оламан".

-Ўтган мавсумда жамоамиз иштирокида сиз учун энг ёрқин ўйин қайси бўлди?

-"Истиқлол"да ўтган АГМКга қарши баҳс жуда ёрқин ўтганди. Тўғри, ўшанда мағлубиятга учраган эдик. Бироқ, учрашувда очиқ футбол намойиш этиб, тактик жиҳатдан устунликка эришганмиз".

-Янги мавсумда Улуғбек Ҳошимовни 99-рақам остида кўрамизми?

"Ҳа, 99-рақамда ҳаракат қиламан".

-Янги мавсум олдидан мухлислар жамоамиздан юқори савияли футбол ва катта ғалабаларни кутмоқда.

"Худо хоҳласа, бу йил натижаларимиз анча яхши бўлади. Мухлисларимиздан “Нефтчи” жамоасига доимий ишқибозлик қилишларини сўраб қоламан. Стадионларни тўлдириб қўллаб туришса, биз албатта мухлисларимизни ғалабалар билан хурсанд қиламиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!