"Локомотив" - АГМК беллашуви олдидан статистика

АГМК Ўзбекистон кубоги доирасида Тошкентнинг "Локомотив" жамоасига қарши нимчорак финал ўйинини ўтказади. Олмалиқликлар матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Ўйин қуръа натижасига кўра меҳмонда ўтади. Эътиборга молик тарафи, бу икки жамоалар Ўзбекистон кубоги доирасида илк маротаба тўқнаш келмоқда. Бунга қадар, АГМК ва "Локомотив" миллий чемпионат ва Ўзбекистон суперкубогида баҳс юритган.

Ўзаро ўйинлар статистикасига кўра, ўтказилган 26 ўйинда "Локомотив" 17 ғалабани тантана қилган, АГМК эса 5 маротаба "темирйўлчилар"дан устун келган. Қолган 4 беллашувда ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати: 52-30, "Локомотив" фойдасига.

Жорий мавсум олмалиқликлар "Локомотив" билан икки маротаба тўқнаш келиб, марказлаштирилган ҳолатда ўтказилган биринчи давра баҳсида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, "Локомотив" уйидаги беллашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида ютди.

АГМК 2004 йилдан эътиборан, мамлакат кубоги мусобақасида иштирок этиб келмоқда. Олмалиқ жамоаси кубокдаги ўтказилган жами 44 ўйинда 17 ғалаба, 9 дуранг ва 18 мағлубият қайд этган. АГМКнинг Ўзбекистон кубогидаги тўплар нисбати қуйидаги кўринишда: 62-63.

"Локомотив"га қарши ўйин ҳақидаги яна бир қизиқ жиҳат, жорий мавсумдаги учта ўйин АГМК жамоаси учун бегона майдонда ўтмоқда. Чемпионат доирасидаги биринчи давра ўйини нейтрал майдонда ўтганди, иккинчи даврада эса "Локомотив" ўйингоҳида меҳмон бўлган АГМК кубок баҳсида ҳам эртага ушбу стадионга боради.

Учрашув бугун соат 14:00да бошланади. Ғолиб Ўзбекистон кубогидаги юришини давом эттириб, чорак финалга йўлланма олади.

Ўзбекистон кубоги, 1/8 финал.

8 декабрь, сешанба

"Локомотив" — АГМК (14:00)

Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Сардор Нишонбоев, Аваз Абдуллаев, Аҳмаджон Эргашев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!