“Локомотив” Эрон жамоаларига қарши қандай натижалар қайд этган?

Хабарингиз бор эртага Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби ҳисобланган Тошкентнинг “Локомотив” клуби Осиё Чемпионлар Лигасининг 2-турида Эронда “Зоб Аҳан” меҳмони бўлади.

Қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида 6 мавсумдан буён иштирок этиб келаётган “темирйўлчилар” шуларнинг 2тасини саралаш босқичидан ўта олмаган.

Бу йил ҳам “Локомотив” мавсумни БААнинг “Ал Ваҳда” клубига қарши баҳс билан бошлади. 5:0 ҳисобида ғалабага эришган “Локо” шу тариқа Чемпионлар Лигасидаги ўзининг энг йирик ҳисобдаги ғалабасини такрорлади. Энди “Локомотив”ни Эроннинг “Зоб Аҳан” жамоасига қарши сафарда бўладиган учрашув кутиб турибди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Локомотив” ОФК Чемпионлар Лигаси доирасида Эрон жамоаларига қарши 6та беллашув ўтказган. Дастлаб 2015 йилги мавсумда “Фулад” билан тўқнаш келган “Локомотив” уйда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган. Сафарда эса омад рақибга кулиб боққанди ва эронликлар 1:0 ҳисобида зафар қучишганди.

2016 йилда эса “Локомотив” билан битта гуруҳдан Эроннинг “Сепаҳон” жамоаси ўрин олганди. Ўшанда “Локо” ҳар икки ўйинда ҳам (1:0 ва 2:0) форс жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди.

Ўтган мавсумда эса “Локомотив” “Истиқлол” билан тўқнаш келди. Тошкентда ўтган матчда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Эронда эса “Истиқлол”га омад кулиб боқди ва мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучишганди.

Эслатиб ўтамиз, "Зоб Аҳан" - "Локомотив" ўйини эртага Тошкент вақти билан соат 17:30да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!