Лука Згурский: "Фамилиямни "Бобур Арена"да эшитганим менга жуда илиқ таассуротларни тақдим этди"
“Андижон” таркибига қишки селекция чоғида Москванинг ЦСКА клубидан қўшилган иқтидорли ҳужумчи Лука Згурский мухлисларда яхши таассурот қолирмоқда. Мураббийлар штаби эса унга ишонч билдирмоқда. Лука “Бургутлар” сафида ўз ўрнига эга бўлиб боряпти.
- Лука, дастлабки учта учрашувдан кейин қандай таассуротлар қолди?
- Таассуротлар ижобий, чунки биз очколарни қўлга киритяпмиз ва мухлисларга қувонч бағишлаяпмиз.
- Сиз дебют голингизни ҳам уришга улгурдингиз. “Бобур Арена”даги муҳитни қандай тасаввур қилгандингиз?
- Ҳа, профессионал футболчилик фаолиятимда илк голимни киритдим ва ўз фамилиямни “Бобур Арена”да эшитганим менга жуда илиқ таассуротларни тақдим этди. Ишқибозлардан юз фоизга тенг мададни кўрарканмиз, шунга муносиб жавоб берадиган ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Стадиондаги атмосфера ажойиб.
- “Сурхон” билан ўйинда жамоа осонлик билан ғалаба қозонаётгандек таассурот пайдо бўлганди. Аммо сўнгги дақиқаларда рақиб иккита гол урди. Ўша пайтда хавотирланмадингизми?
- “Сурхон”га қарши баҳс охирида диққатимизни жамлашни қўлдан бой бердик ва бунинг оқибатида иккита гол ўтказиб юбордик. Аммо, яхшиямки, ўз имкониятимиздан фойдаланишни уддаладик ва Андижонга уч очко билан қайтдик.
- Нима учун “Андижон”да 51-рақамни танладингиз?
- 51-рақам менга ёқади ва уни ўзимга олишга қарор қилдим.
- Эшитишимча, иккита учрашувни онангиз стадионда кузатди...
- Ҳа, иккита учрашувда оила аъзоларим бевосита стадионда бўлишди ва уларни шу ерда эканлигини кўриш менга жуда ёқди.
- “Андижон” сафида бу йил қанча гол уришни режалаштиргансиз?
- Голларга келсак, қанча кўп бўлса, шунча яхши. Асосий мақсад - жамоанинг ғалаба қозонишига ҳисса қўшиш.
- Ўзбекистон чемпионати сизни нимаси билан ажаблантиряпти?
- Бу ерда чемпионат савияси анча юқори. Лигадаги ҳар бир клуб дастлабки учликдан жой олишга муносиб ва албатта, маҳаллий ишқибозларнинг футболга қаттиқ меҳр қўйганини кўриш жуда ёқди.
- Жамоага тўлиқ мослашиб олдингизми?
- Ўйлайманки, мослашиш жараёни ортда қолди. Бунинг учун жамоанинг барча аъзолари - мураббийлар, футболчилар ва маъмурий штабига миннатдорлик билдириб қоламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар