Лукас Мандинес: "Ўзбекистонда жанг қилиш муаммо эмас ва мен камарни ўз юртимга олиб кетаман" (Видео)

Хабарингиз бор, 20 ноябрь куни "Зўр ТВ арена"да U1 промоушени доирасидаги биринчи профессионал муайтай кечаси ташкил этилади. Жанг кечасининг марказий тўқнашувида ҳамюртимиз Жаҳонгир "Жожо" Муҳаммадий словакиялик анчагина жиддий рақиб Лукас Мандинес билан WMC жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. 

Шунингдек, бир қатор қизиқарли тўқнашувлар ҳам ўрин олган. Биз ушбу жанг аввалидан словакиялик муайтай устаси билан учрашиб, у билан қисқача суҳбатда бўлдик. 

- Ўзбекистонга хуш келибсиз!

- Раҳмат. 

- Юртимизга илк маротаба ташриф буюришингизми?

- Ҳа, биринчи бор Тошкентда бўлишим. Юртингиз жуда чиройли ва инсонлари мехмондўст экан. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива каби чиройли шаҳарларингиз борлигини ҳам эшитдим. Ўйлайманки, бу сўнгги ташрифим бўлмайди. 

- Ўзбекистонда мезбон жангчига қарши рингга кўтарилиш, сизга ортиқча босим юкламайдими?

- Йўқ. Мен доимо, ўз юртимдан ташқарида жангларда иштирок этганман ва бу муаммо туғдиради, деб ўйламайман. 

- Умуман олганда, эришган натижаларингиз биз учун қизиқ?

- Словакия чемпиониман. Яъни, 63.5 кг вазн тоифасида ватанимда биринчи рақамли муайтайчиман. Европа чемпионати ва халқаро турнирларда ғалаба қозонганман. 

- WMC жаҳон чемпионлиги учун жанг қилаётган биринчи словакиялик муайтайчимисиз ёки...?

- Йўқ. Аввал ҳамюртим Владимир Моравчик бу чемпионлик камарини қўлга киритган. Ўйлайманки, мен ҳам ушбу натижани такрорлайман. 

- Рақибингиз Жаҳонгир Муҳаммадий ҳақида қандай фикрдасиз?

- Чемпионлик камари учун жанг қилиш даражасига етган экан, оддий рақиб эмас! 

- Унинг жангларини томоша қилиб, қайсидир маънода ўрганган бўлсангиз керак?

- Албатта, томоша қилдим. Лекин мен барчасини рингда ўйлайман ва қарор чиқараман. Кучли жангчилар билан рақобатга киришиш, менга мотивация беради. 

- Демак, жангга руҳий жиҳатдан тайёрсиз?

- Албатта. Жангга тайёрман ва ғалаба қозониб, камарни ўз юртимга олиб кетаман!

- Бизга вақт ажратганингиздан миннатдормиз ва чиройли жанг кўрсатишингизга тилакдошмиз.

- Раҳмат. Эътибор учун хурсандман!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!