М-1 турнирида ўзбекистонлик жангчи 29 сонияда ғалаба қозонди ёхуд Максим Қўлдошев билан суҳбат
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида М-1 турнири доирасида ташкил этилган жанг кечасида ҳамюртимиз Максим Қўлдошев (6-2) ўрта вазн тоифасида (83.9 кг) навбатдаги жангини ўтказди. Мезбонлар вакили Евгений Конькинга қарши учрашувнинг биринчи раунди 29 сониясида Максим бўғиш усули билан рақибини таслим этди.
Биз ушбу жангчимиз билан боғланиб, унинг мазкур жанги ва фаолиятига оид саволлар билан мурожаат қилдик:
- Максим ғалаба муборак бўлсин!
- Раҳмат. Ғалабамни барча юртдошларимга бағишлайман.
- Ўзингиз ҳақингизда бироз маълумот бериб ўтсангиз?
- 1991 йил Андижон вилояти Шаҳриҳон туманида таваллуд топганман.
- Қайси спорт сиз учун асос ҳисобланади?
- Жанговар самбо билан шуғулланганман.
- Шу ўринда, устозларингизни ҳам тилга олиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўларди?
- Албатта, озми-кўпми ютуқларимда мураббийларимнинг жуда катта ҳиссаси бор. Жумадан, Илҳом Умаров, Жаҳонгир Қорабоев, Нажмиддин Хўжаев, Даурбек Исақов каби мураббийлар қўл остида тарбия топганман.
- Фаолиятингизда икки бор мағлубиятга учраган экансиз. Бу муваффақиятсизлик сизни руҳан синдириб қўймадими?
- Аксинча, яхшироқ тайёргарлик кўришга ҳаракат қилишни бошладим. Яна шуни қўшимча қилиш лозимки, иккинчи мағлубиятимни Қирғизистонни WEF промоушенида қабул қилиб олганман. Тўғрироғи, ҳакамлар яққол ғалабамни рақибга тортиқ қилганди. Бу борада апелляция берганман ва ғалабам қайтарилиш арафасида.
- М-1 доирасида иккинчи бор жанг қилишингиз экан. Фаолиятингизни яна ушбу промоушенда давом эттирасизми?
- Бу промоушенда яна битта жанг ўтказаман. Кейин хулоса чиқарса бўлади.
- Вазн тоифангизни ҳам ўзгартириш нияти борми?
- Ҳа, ярим ўрта ёки енгил вазнга ўтмоқчиман.
- Россияда машғулотлар олиб борар экансиз. Умуман рус заминига қачон боргансиз?
- Илк марта 2008 йил Санкт-Петербург шаҳрига борганман. Шундан буён шу ерда фаолият олиб бораяпмиз. Ўзбекистонга ҳар йили бориб тураман.
- Питерда машғулот олиб борадиган залингиз ёки клубингиз қандай номланади?
- “Fight Center” деб номланувчи залда шуғулланаман.
- Евгений Конькин сизга деярли қаршилик қила олмабди. Жангдан аввал уни яхшилаб ўрганиб чиққанга ўхшайсиз?
- Биласизми, менга бу жангни турнирга уч кун қолганда таклиф қилишди. Конькинни рақиби баъзи сабабларга кўра, бу жангга чиқа олмаслигини билдирган. Шундан кейин мен билан боғланишди. Ўрганиб чиқишга вақт ҳам бўлмади.
- Максим ғалабаларингиз бардавом бўлиб, халқаро ареналарда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш йўлида куч-қувват тилаймиз!
- Раҳмат. Албатта, мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан!
Фикрлар