Мадаминов россиялик гроссмейстер устидан қозонилган ғалаба ҳақида фикр билдирди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистонлик гроссмейстер Муҳиддин Мадаминов "UzChess Cup Masters" турнирининг илк турида россиялик таниқли шахматчи Ян Непомнящийни мағлуб этганидан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Мадаминовнинг таъкидлашича, партия дебют қисмидаёқ унинг режаси бўйича ривожланган.

"Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Дебютда партия олдидан тайёрлаган вариантига эга бўлдим. Шунинг учун бугун жуда чиройли партия ўйнаганимни ўйлайман. Дебютдан кейин танловлар кўп бўлди ва узоқ ҳисоблашга тўғри келди. Рақибимда вақт кўпроқ эди, аммо кейинроқ тезроқ ва ишончлироқ ҳаракат қилишга уриндим", — деди у.

Шахматчининг сўзларига кўра, ҳал қилувчи паллалардан бири сифат қурбонлиги имконияти пайдо бўлган вазият бўлган. У бир нечта вариантларни чуқур таҳлил қилганини ва энг мақбул йўлни танлаганини таъкидлади.

Мадаминовнинг фикрича, Непомнящийнинг асосий хатоси вақт устунлигига қарамай жуда тез ўйнай бошлаганида бўлган.

"Ўша пайтда менда тахминан 20 дақиқа, унда эса 50 дақиқа вақт бор эди. Аммо у тез қарор қабул қилишга ўтди ва бир нечта хатоларга йўл қўйди", — деди ўзбекистонлик гроссмейстер.

Партия якунида Муҳиддин рақибининг айрим юришларни кўрмай қолганини таъкидлаб, позиция ҳал қилувчи босқичга келиб қолганда ғалаба қозонишига ишончи ортганини айтди.

Маълумот учун, Муҳиддин Мадаминов "UzChess Cup Masters" турнирининг биринчи турида икки карра Жаҳон чемпионлиги даъвогари Ян Непомнящийни мағлуб этиб, мусобақанинг асосий сенсацияларидан бирига муаллифлик қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!