Мадридда ким хўжайин эканини аниқлаб олиш фурсати (превью)

“Мадрид дербиси” лига баҳслари доирасида бу қадар муҳим бўлган пайтни эслай оласизми? Ҳа, олдин бу жамоалар жаранглироқ номларга бой бўлгандир. Ҳа, ўша жанжалкаш рақиблар ўртасидаги кураш бугун тунда содир бўлмас. Аммо бугунги баҳс бутун чемпионат тақдирини-да, ҳал қилишга қодир. 

Муҳимлик даражаси ЕЧЛ финалидек бўлса ҳам, “қаймоқранглилар” рақибни “Сантьяго Бернабеу”да эмас, захира майдони “Альфредо Ди Стефано”да қабул қилишга мажбур. 

“Севилья”га қарши оғир беллашувдаги ғалаба ва унинг ортидан ЕЧЛда гуруҳдаги мураккаб ўйинда ғалаба қозониб, плей-оффга йўл олиниши жамоа руҳияти аъло даражада эканини билдиради. 

Диего Симеоне жамоаси халқаро майдондаги натижалари билан у қадар мақтана олмаса-да, Примера доирасида уларни мағлуб этадиган рақиб ҳали топилмади. Улар топ-5 чемпионатлар орасида энг кам гол ўтказиб юборган жамоалар рўйхатини бошқармоқда: 2 та гол. 

Бугунги ўйинга ҳар бир жамоанинг етиб келиш ҳолати, таркиб янгиликлари ҳақида батафсил қуйида сўз юритамиз. Демак, бошладик!

“Реал”

“Севилья”га қарши беллашув “Реал” учун ўзига хос принципиаллик касб этарди. Аниқроғи, андалусияликлар устози Хулен Лопетеги “қироллик клуби”га шогирдларини бошқача шижоат билан тайёрлаши кундек равшан эди. Улар бирга ўтказган омадсиз давр бунга асосий сабаб. Бундан ташқари, “Рамон Санчес Писхуан” стадионига амалдаги чемпион ташриф буюраётган эди. 

“Севилья” дарвозабони Яссин Бунунинг биргина хатоси ягона голнинг киритилишига сабабдек кўринса ҳам, аслида, ўйин давомида “бланкос” рақиб ҳимоясини доимий равишда босим остида ушлаб турди. Буну гол киритилган вазиятда қилган хато марокашлик посбон учун ўйиндаги ягонаси эмасди. 

Шу ўринда, мадридликларда ҳужум чизиғи (Бенземадан ташқари) вазиятларни гол билан якунлашда жуда ҳам оқсаётганини таъкидлаб ўтиш зарур. Икки қанотда ҳаракат қилаётган бразилиялик вингерлар нақадар иқтидорли ва тезкор бўлмасин, тинимсиз машғулотлар орқали тажриба тўпламас эканлар, “Реал”дек клуб тарихида йўқ бўлиб кетадилар. 

Жорий мавсумдаги натижалар кўпчиликка у қадар ваҳима қиладиган даражада кўринмаслиги мумкин. Аммо Зидан жамоасида етарлича катта муаммолар бор ва улар тобора бўй кўрсатмоқда. ЕЧЛда гуруҳ босқичидаги ўйинлар билан узоғи чорак финалга боришлари мумкин. Ла Лигада бугун “Атлетико”га мағлуб бўлсалар, ҳамшаҳарларига етиб олиш кейин анчагина қийин кечади. 

Мавсум мобайнида “Реал” ва жароҳат сўзлари ёнма-ён юрибди. Баъзиларига кўникиб ҳам қолдик. Бугунги ўйинда энг муҳими, жамоа сардори ва етакчиси Серхио Рамос асосий таркибда ҳаракат қилиш имкониятига эга. Федерико Вальверде узоқ муддатга сафдан чиққанидан хабардорсиз. Эден Азарда жароҳат борлигини эслатиб ўтириш ҳам шарт эмасдек. 

Бугунги таркиб ЕЧЛ 6-турида “Боруссия” Мюнхенгладбахга қарши тушган 11 талик билан бир хил бўлиши кутиляпти. Зидан эса катта ўйинларга кутилмаган совғалар олиб қўйишни яхши кўради. 

Тахминий таркиб: Куртуа, Васкес, Варан, Рамос, Менди, Каземиро, Модрич, Кроос, Родриго, Винисиус, Бензема. 

“Атлетико”

Диего Годиннинг жамоани тарк этишидан сўнг, мана энди Симеоне унинг ўрнини тўлдира оладиган футболчини кашф этгандек кўринмоқда. Марио Эрмосо жорий мавсумнинг якунланишга улгурган кичик қисмида жамоада алмаштириб бўлмас ўринлардан бирини эгаллашга улгурди. Ҳа, Эрмосо қанотда ҳаракат қилади. Аммо етакчилик қобилияти бизга Годиннинг юлдузли йилларини эслатмоқда. Нариги қанотдаги шериги Киран Триппьер билан у жамоа ҳужумларида ҳам катта ишни бажармоқда. 

Шунингдек, Хитой клубидан қайтариб олинган Янник Каррасконинг сўнгги вақтларда кўрсатаётган ажойиб ўйинини ҳам эътироф этиш жоиз. Қанотдаги рейдлари билан “матрасчилар” ўйинига жозиба бағишлаётган бельгиялик футболчи “Мадрид дербиси”да ҳам порлаши кутилмоқда. 

“Атлетико” сўнгги маротаба 3 октябрда Ла Лига доирасида рақиб дарвозасига йўл топа олмаган. 

Жамоада 2 та катта йўқотиш мавжуд. Афсуски, бугун Диего Костанинг жанжалларини кўрмаймиз. Ҳар ҳолда, клуб сайти берган маълумотда у тикланиш жараёнида эканлиги баён қилинган. Шунингдек, ҳимоя марказида Симеоненинг ишонган тоғига айланиб қолган Хосе Мария Хименес ҳам бугун жамоасига ёрдам бера олмайди. 

Тахминий таркиб: Облак, Эрмосо, Савич, Фелипе, Триппьер, Карраско, Льоренте, Коке, Сауль, Суарес, Фелиш. 

Eo-urSeXIAIT7ox

Мураббийлар

Зинедин Зидан: “Дербилар доим йил тақвимининг энг муҳим саналари қаторида тилга олинади. Ғалабаларимизнинг жуда кўп позитив томонларини кўрсатиш мумкин. Биз хоҳлайдиган нарса ушбу баҳсга яхши тайёргарлик кўриб, ўзимиз хоҳлаган натижага эришиш. Бу - дерби. Ҳар бир футболчи унда ўзини кўрсатишни истайди. 

Ҳар бир учрашувга финалдек ёндашамиз. Мен бу баҳсни жамоа сифатида кучли эканимизни исботлаш учун яна бир имкон деб биламан”.

1494905630-zinedine-zidane-real-madrid-vs-sevilla

Диего Симеоне: “Сиз ҳар қандай вазиятда ҳам “Реал”ни ҳурмат қилишга ва уларнинг салоҳиятини тан олишга мажбурсиз. 

Ҳар икки жамоада ҳам фантастик даражадаги футболчилар мавжуд. Айтиб ўтганимдек, “Реал”га нисбатан фақат ҳурматни туймоқдаман. Уларда бир қатор тажрибали футболчилар бор. Ушбу йигитлар бир неча йиллар мобайнида Европа футболининг етакчилари бўлиб келишди”.

Eo-UydYXUAMflgN

Хулоса ўрнида

Ушбу Мадрид клублари иштирокидаги учрашувлар доим ҳам голларга бой тарзда ўтмайди. Сўнгги 8 та беллашувнинг 6 тасида 2 тадан кам гол киритилганининг ўзиёқ фикримизга исбот бўла олади. Аммо бу сафарги қарама-қаршилик истисно бўлиши мумкин. Сабаби, юқорида айтиб ўтганимдек, Ла Лига доирасида “Атлетико” гол урмаган учрашув бундан 2 ой олдин бўлиб ўтган. Жорий мавсумда Луис Суареснинг харид қилиниши жамоа ҳужумидаги самарадорликни сезиларли даражада оширди. 

“Реал” жорий мавсумда кучсиз жамоалардан мағлубиятга учрагани бор гап. Аммо “Барселона”, “Интер” ва “Севилья” каби гранд жамоаларни анчайин чиройли тарзда мағлуб этишга эришди. 

Демакки, бугун жамоаларнинг бир-бирига қарши кўплаб қарама-қарши статистикалари мавжуд. Ўйиннинг томошабоп ўтиши кафолатланади. Анъанага мувофиқ, ушбу учрашув сайтимизда матнли трансляция тарзида эътиборингизга ҳавола этилади. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!