
Магнус Карлсен: "Кеча хафа эдим, бугун ҳам ўзимга келолмадим"
"Norway Chess" 6-туридаги мағлубиятдан бир кун ўтгач, Магнус Карлсен ниҳоят ўзининг Гукеш билан шов-шувга сабаб бўлган ўйини ҳақида фикр билдирди
- Умуман олганда, бу турнирда ўзимни яхши ҳис қиляпман, фақат энди ўйнаш менга ёқмай қолди ва муаммо ҳам шунда. Мен ўша ерда, ўйин ўртасида ўтириб, худди илгари кўп марта бўлгани каби позицияга тушиб қолгандек ҳис қиламан. Барчаси шунчаки секин кечмоқда. Мен буни қизиқарли деб ҳисобламайман, гарчи жуда яхши ўйнай олишимни билсам ҳам. Яхши ўйнаш ёқимли, албатта, лекин охир-оқибат таслим бўлдим ва ўз заифлигимни кўрсатдим. Гукеш жуда яхши курашди.
Мен бошқача муносабат билдирмоқчи эдим. Аммо бўлар иш бўлди. Бу жуда стрессли вазият эди. Мен бундай ҳолатни тез-тез бошдан кечирмоқчи эмасман ва бундан қандай қочиш ҳақида ўйлашим керак; шахматни бутунлай ташлаб кетишим керакми ёки бошқа йўл топишим керакми. Бу умуман завқли бўлмади, - деди Карлсен ТВ2га берган интервьюсида.
Магнус рапид, блиц ва бошқа эркин услубларда ўйнаш-ўйнамаслиги аниқ эмас. Аммо классик шахмат билан видолашиш эҳтимоли юқори.
ТВ 2 шахмат эксперти Ён Людвиг Хаммер бу баёнотларни "ташвишли" деб баҳоламоқда.
- 2026 йилда Норвегия шахмати классик турнир бўлишига ишончим комил эмас. Агар Магнус: "Мен классик шахмат ўйнашни хоҳламайман, бу жуда секин, менга қизиқ эмас" деса, балки 2026 йилда Норвегия шахматининг вақт формати Карлсенга бироз мослаштирилиши мумкин, - дейди Хаммер.
Хикару Накамура ҳам бу вазиятга ўз фикрини билдирди.
- Шахсан мен учун бу бироз қайғули, чунки Магнус ва мен бир-биримизга қарши ўйнайдиган сўнгги классик партия бўлиш эҳтимоли 25 фоиздан юқори, - дейди Накамура.
- Кеча жуда хафа эдим, тўғрисини айтсам, бугун ҳам ўзимга келолмадим, - деб якунлади Карлсен.
Фикрлар