Маҳмуд Мурадов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди ёхуд у UFC нинг қай чемпиони билан спарринг жанг ўтказган эди?

Бугун, WYNDHAM мехмонхонасининг анжуманлар залида ўзбекистонлик биринчи UFC жангчиси Маҳмуд Мурадов билан ОАВ ходимлари ва мухлислар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда спортчи ва унга айни вақтда мураббийлик қилаётган Жасур Алижонов журналистлар ва мухлислар томонидан йўлланган саволларга жавоб беришди.

- Навбатдаги рақибингиз Антонио Карлос Жуниорга қарши тайёргарлик жараёнлари қандай кечмоқда?

- Барчаси яхши. Жуниор жуда кучли рақиб ҳисобланади. Топ 15 таликдан ўрин олган. Қолаверса, жуи- житсу бўйича Бразилия чемпиони ҳам бўлган. Шунга яраша биз ҳам мураббийларим билан биргаликда машғулотларга зўр берганмиз.

- Сизни яхши ва ёмон кунингизда ҳам ёнингизда бўлган дўстларингизни айта оласизми?

- Албатта, булар ота-онам. Яқинларим, мураббийларим.

- Севган қизингиз чехиялик хонанда Моника Багаровани юртимизга олиб келиш ниятингиз борми?

- У билан турмуш қурганмиз. Менинг ўзбекистонлик эканлигимни инобатга олсак, у мен бор жойга албатта келади.

- Сизни кўп бора ногирон болакайлар билан учрашиб, уларга совғалар улашаётганлигингизга бевосита гувоҳ бўламиз ва буни интернет тармоқларига жойлаштирасиз. Айтингчи, буни айнан шунинг учун қиласизми ёки буни бошқа сабаби борми?

-  Биласизми, уларнинг кўзидаги қувончни, шодликларини кўрсангиз дилингиз яшнаб кетади. Албатта, буни шунчаки оммага кўз-кўз қилиш учун қўймайман. Менга бу керак ҳам эмас. Ким қандай ўйласа ўйлайверсин. Уларни шунчаки хурсанд қилиш учун бундай ишларга қўл ураман. Қолаверса, интернетдаги саҳифаларим шахсан ўзимники, шундай экан хоҳлаган расм ва видеоларни жойлайман.

- Маҳмуд Муродовнинг аввалги промоушени XFN да шогирдингиз Исломбек Маҳаммаджонов дебют жангини ўтказди ва ғалаба қозонди. Умуман ушбу промоушен билан ҳамкорликка Маҳмуд сабабчи бўлдими?

Жасур Алижонов: - Албатта, Бу борада Маҳмуд бизга катта ёрдам бермоқда. Исломнинг ушбу жангдаги ғалабасидан сўнг, XFN билан шартнома имзоланди. Қолаверса, биргина Ислом эмас, қолган шогирдларимиз ҳам насиб қилса, Европа октагонларида жанглар ўтказишга яқин турибди.

-Хабиб Нурмагомедов сизни бир вазн пастда жанг қилишингиз кераклигини айтган эди. Бу фикрга қандай қарайсиз?

-  Ҳабиб мен ҳақимда фикр билдирганини эшитдим. Шундай юқори савиядаги спортчи бизни эслагани учун хурсанд бўлдим. Бироқ пастки вазнга тушиш ниятим йўқ ҳозирча. Албатта, вазн ташлай оламан. Бу қийин-ку, лекин амалласа бўлади. Шундай бўлсада, -84 кгда ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман. Қолаверса,  мана шу вазнда энг тезкор спортчи бўлиб турибман десам муболаға бўлмас. Бу менга ёрдам берса керак деб ўйлайман.

Америкадаги машғулотлар жараёнида айни вақтдаги ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони Камару Усман билан спаррингда ишлаганман. У ўша пайтда чемпионликка даъвогар эди. Хеч бир жабҳада унга ютқазмаганман. Ўшандаёқ мен UFCга ўтишга тайёр эканимни ҳис қилдим. Ўшандан бери бу йўналишга ўтишга ҳаракат қилдим. Бугун эса, ушбу ниятимга етдим. Албатта, кимлардир бу гапларимни Камаруни жангга чорлади деб тушунишлари мумкин. Йўқ, мен уни жангга чорлаётганим йўқ. Шунчаки ўз вақтида ҳозир зўрман деб юрганлар билан спаррингда ишлаб, улардан кам эмаслигимни исботлаганман.

- Хабиб Нурмагомедов ва Тони Фергюсон ўртасидаги жангда ким ғолиб бўлади?

-  Шубҳасиз, Хабиб ғалаба қозонади.

- Конор МакГрегор ва Дональд Серроне ўртасидаги жангдачи?

- Билмайман ва кўрмайман ҳам. Албатта, булар мендан кичик вазнда жанг қилишади. Мен кўпроқ ўз вазн тоифамдагиларни жангини кузатаман.

- Айни кунда UFC нинг энг кучли жангчиси ким?

- Хабиб Нурмагомедов.

- Маҳмуд асосан “стойка”да жанг ўтказади. Лекин у энди жаҳоннинг энг кучли промоушенида... Айниқса, Исраэль Адесанья, Роберт Уиттакер, Пауло Коста, Андерсон Сильва кабилар фаолият олиб борадиган ўрта вазн тоифасида ҳаракат қилади. Бу вазнда яхши натижа қайд этиш учун жангчидан “кардио”нинг мукаммалигини ва греплингдан ҳам яхши хабардор бўлиш кераклиги талаб этилади. Бунга ҳам эътибор қаратяпсизларми?

- Жасур Алижонов: Албатта. Навбатдаги рақиби ҳам айнан “партер”да яхши ҳаракат қиладиган спортчи. Бу борада қисқа фурсатда мукаммалликка эришиб бўлмайди. Яқинда у Бразилияга жўнаб кетади ва жангга қадар айнан шундай йўналишда машғулотларга зўр беради.