Макгрегор - Серроне, Нурмагомедов - Фергюсон, Муродов - Антонио Жуниор... 2020 йилда кутиб турган қизиқарли жанглар! (2-Қисм)
Аввалроқ, 2020 йилда бўлиб ўтадиган энг қизиқарли жанглар рўйхатининг дастабки қисмини эътиборингизга ҳавола этган эдик. ММАда ташкил этиладиган энг зўр жангларнинг 2-қисмини ҳам тайёрладик.
8 февраль. Жон Жонс - Доминик Рейес. Албатта, Жон Жонснинг қайтишини мухлислар сабрсизлик билан кутишмоқда. ММАдаги фаолияти давомида 25 та ғалабани қўлга киритган ва бор-йўғи 1 маротаба ютқазиб қўйган. Унинг UFC 247 доирасидаги рақиби Доминик Рейес ҳам фаолиятини ёмон ўтказмаяпти ва 12 та жанг ўтказиб, барчасини ғалаба билан якунлаган. Умуман шу куни, Техас аҳлини қизиқарли турнир кутиб турипти. Сабаби, бири-биридан қизиқ бўлган жанглар, кучли жангчилар октагонга кўтарилишади.
Эътиборингизда, UFC 247нинг барча жуфтликлар рўйхати:
Жон Жонс (25-1) - Доминик Рейес (12-0)
Валентина Шевченко (17-3) - Кэтлин Чукагян (13-2)
Деррик Льюис (22-7) - Илир Латифи (14-7)
Андреа Ли (12-3) - Лорен Мерфи (11-5)
Мирсад Бектич (13-2) - Дэн Иге (12-2)
Шон О’Мэлли (10-0) - Хосе Альберто Куинонес (9-4)
Жимми Ривера (22-4) - Марлон Вера (15-5)
Тревин Жайлс (11-2) - Антонио Аройо (9-3)
Майлс Жонс (9-0) - Марио Баутиста (8-1)
Алекс Мороно (17-5) - Диего Лима (15-7)
Хуан Адамс (5-2) - Жастин Тафа (3-1)
15 февраль куни UFC Fight Night 167 кечаси бўлиб ўтади. Ушбу мусобақанинг марказий жангида Кори Андерсон (12-4) ва Ян Блахович (25-8) ўзаро тўқнаш келади. 1989 йили таваллуд топган бразилиялик Андерсон сўнгги бор 2019 йилнинг ноябрь ойида Жонни Уокерга қарши октагонга кўтарилган эди ва техник нокаут эвазига ғалабани қўлга киритган. 1983 йили Польшада дунёга келган Блахович эса 16 ноябрь куни Роналдо Соузани таслим этган. Умуман олганда, Андерсон ва Блахович ўртасидаги жанг реванш ҳисобланади. 2015 йилда ҳам иккала жангчи ўзаро баҳслашган ва Херб Дин бошқариб борган жангда ҳакамлар бир овоздан бразилиялик жангчининг фойдасига қарор қабул қилишган.
21 февраль куни Bellator 239 доирасида Рут - Амосов жанги бўлиб ўтади. Шу куни, ACA 104 турнири ҳам ташкил этилади ва марказий жангда Гончаров - Вахаев "дуэл"и бўлади.
22 февраль санасида ҳам бир қатор мусобақалар ташкиллаштирилади. Унга кўра, UFC Fight Night 168: Фелдер - Хукер, Bellator Dublin: Галлахер - Элленор ва Японияда Rizin FF Rizin 21 турнири бўлиб ўтиши ҳам режалаштирилган.
4 йилда 1 маротаба келадиган 29 февраль куни UFC Fight Night 169 турнири ташкиллаштирилади ва унинг марказий жангида Жозеф Бенавидез (28-5) - Дейвесон Фигередо (17-1) қарама-қаршилиги бўлиб ўтади.
UFC 248 турнири 7 март куни Лас-Вегаснинг "T-Mobile" аренасида бўлиб ўтади. Кечанинг асосий жангида Вейли Чжан (20-1) ва Йоанна Еджейчик (18-3) ўзаро курашади. Шу куни, Роберт Уиттакер (20-5) - Жаред Каннонье (13-4), Жереми Стивенс (29-17) - Келвин Каттар (20-4), Нил Мэгни (21-7) - Ли Жинлианг (17-5) ва яна бир қатор жуфтликлар ҳам октагонга кўтарилишади.
Кўпчиликни куттираётган ва қизиқарли кечиши тахмин қилинаёган жанглардан яна бири 21 март куни Лондонда UFC Fight Night 171 доирасида бўлиб ўтади. Унга кўра, Тайрон Вудли ва Леон Эдвардс қарама-қаршилиги кузатилади.
Тайрон Вудли фаолияти давомида 19 та ғалабани қўлга киритган бўлса, 4 бор ўзи таслим бўлган ва ҳисобида яна 1 та дуранг ҳам бор. У сўнгги жангида Камару Усманга имкониятни бой берганди. 2019 йилнинг март ойида кечган жангда ҳакамлар бир овоздан Усманнинг фойдасига қарор чиқаришган. Фаолияти давомида 18 та ғалабага эришиб, 3 бор ютқазиб қўйган Леон Эдвардс эса UFC on ESPN 4 доирасида сўнгги бор октагонга кўтарилган эди. 2019 йилнинг 20 июль куни Рафаэль Дос Аньосга қарши кечган жангда ҳакамлар бир овоздан Эдвардснинг ғалабасига қарор қабул қилишган.
28 мартга белгиланган UFC on ESPN 8 турнирининг асосий жангида Фрэнсис Нганну (14-3) ва Жаирзиньо Розенстрайк (10-0) қарама-қарши келади. Нганну ҳам Оверимни мағлуб этишни уддалаган. Мағлубият нималигини билмай келаётган Розенстрайк сўнгги жангини 7 декабрь куни Маҳмуд Муродов ҳам иштирок этган UFC on ESPN 7 турнирида ўтказиб, Оверимнинг лабларини ёриб юборган эди. 2017 йили нокаут эвазига Нганну шов-шувли ғалабани қўлга киритиб, катта обрў-эътиборга сазовор бўлганди.
Ниҳоят, миллионлаб иҳлосмандлар интизорлик билан кутиб турган кеча ҳақида тўхталиб ўтамиз. 18 апрель, Нью-Йорк. UFC 249 доирасида кечадиган Хабиб Нурмагомедов ва Тони Фергюсон тўқнашувини ташкиллаштиришга бир неча йиллардан бери ҳаракат қилиб келинади. Аммо, доимо ёки у, ёки бу жангчи жароҳатлар олади ва турли ҳил сабабларга кўра, жанг ўтказилмай қолади. Кўпчилик Хабиб Нурмагомедовни тенгсиз деб ҳисобласа, яна айримлар айнан Фергюсон унга рақиблик қила олишини тахмин қилишади. Олдинда бизни нималар кутиб турганлигини кўрамиз! Яна қандайдур сабаблар чиқиб қолиб, жанг ўтказилмай қолмаса бўлгани.
Фикрлар