"Ман Сити" - "Реал". SPORTS.uz мухбирларининг тахминлари қандай?
Европа Чемпионлар лигасининг нимчорак финал босқичида "Манчестер Сити" клуби ўз майдонида "Реал"ни қабул қилади.
АПЛнинг жорий мавсумини 9 та мағлубият билан якунлаган Гвардиола шогирдлари ўз уйида Ла Лига чемпионига қарши ЧЛнинг чорак финали учун курашади.
Қизиқарли кечиши кутилаётган учрашувдан олдин, сайтимиз ижодкорлари ўз фикрларини билдириб ўтди.
Тоштемиров Бахтиёржон:
- Мадриддаги баҳсдан сўнг, "Манчестер Сити"нинг имкониятлари анча юқори. Жамоа бир неча йиллардан буён ЕЧЛни ютишга ҳаракат қиляпти, бу борада уларнинг амбицияси кучлироқ. Қолаверса, инглизлар мавсумнинг сўнгги беллашувларини анча кўтаринки кайфиятда ва йирик ҳисоблардаги ғалаба билан якунлади. Аммо бугун Агуэро йўқ ва бу "Реал"га қўл келиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, бизни қизиқарли баҳс кутиб турибди.
Умаров Азамат:
- Вазият қандай бўлишидан қатъий назар Англия ва Испания грандларининг қарама-қаршиликлари доим қизиқарли бўлиб келган. Ҳозирда кўпчилик Гвардиола шогирдларининг имкониятларини юқори баҳоламоқда. Бунга биринчи учрашувдаги ғалаба, Рамоснинг йўқлиги ва "шаҳарликлар"нинг рестартдан кейин кўрсатаётган бир маромдаги ўйини сабаб бўлмоқда.
"Реал" Испания чемпионлигини қўлга киритгани ва бундай беллашувларда рақамлар ҳеч қандай роль ўйнамаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб биламан.
Эшматов Аҳмад:
- “Манчестер Сити” ҳамда “Реал” тўқнашуви жуда шиддатли ўтиши турган гап. Лекин Мадрид жамоасига осон бўлмайди. Биринчи учрашувдаги ғалаба Гвардиола шогирдларига руҳий устунлик беради.
Қолаверса, “Реал” таркибида Серхио Рамос ўйнамаслиги ва бир қатор футболчиларнинг майдонга тушиши сўроқ остида эканлиги ҳам катта йўқотиш бўлиши мумкин. “Манчестер Сити”да эса катта иштиёқ бор. Одатда, бу жамоа чорак финал ёки ярим финал остонасидан ўтишга ҳар доим қийналган. Бу сафар меҳмонда 2:1 ҳисобидаги ғалаба "шаҳарликлар"га ажойиб имкониятни берди. Бундан Пеп бошчилигидаги "дружина" оқилона фойдалана олса керак. Ҳатто, 1:0 ҳисобидаги ғалаба ҳам мадридликларга кейинги босқич эшигини очмаслигини инобатга олсак, Зидан шогирдлари ҳам бор кучини ишга солади.
Ҳар икки жамоада ҳам ғалаба қозониш учун элементар бўлса-да, омиллар мавжуд. “Реал”нинг мавсум якунига кўра, Ла Лига ғолибига айланганлиги кўтаринки кайфият билан тўп суришга сабаб бўлади.
Бундай ҳолатда, барчаси ўхшайверади. “Сити”га эса, чемпионлар лигасини ютишга бўлган иштиёқ, Премьер-лигадаги аламзадалик катта мотивация беради, деган фикрдаман. Булар ўйиннинг жанговор ўтишига сабаб бўлади. Хуллас, бир қатор голларни кўрамиз. Шу ўринда, ўйин қайси жамоанинг биринчи гол уришига қараб, ўзгариб кетиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтиш лозим...
Холбоев Шаҳзод:
- "Манчестер Сити" карантиндан сўнг, чемпионатдаги 8 та ўйиннинг 6 тасида ғалабага эришди. Бироқ, ўйлашимча, жамоа энг катта ғалабани судда қўлга киритди. Энди "шаҳарликлар" молиявий фэйр-плей ҳақида қайғурмасалар ҳам бўлади. Жамоа бугунги кунгача 2 та трансферни амалга оширди. Булар Ферран Торрес ва Натан Аке. Тўғри, улар янги жамоасига майдонда ёрдам бера олмайди, аммо клубдаги ички муҳитга бу ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Гвардиола кўпроқ ҳимоядаги ўйиндан хавотирда.
Менди дисквалификация боис учрашувни ўтказиб юборади. Унинг ўрнида бугун Канселу ёки Зинченкони кўрамиз. Шунингдек, олдинги чизиқда Агуэронинг йўқлигини таъкидлаш жоиз.
Айнан бугунги ўйин "Манчестер Сити"нинг ЕЧЛдаги иштирокини белгилаб беради. Жамоа ҳақиқий, гранд клуб эканлигини айнан бугун исботлаши керак бўлади.
Мадриддаги ўйин натижаси "Реал"ни қийин аҳволда қолдирмоқда. Аммо, "Қироллик клуби" ҳисобга қараб ўйнай олиш қобилиятига эга жамоа саналади. Қолаверса, ЕЧЛ бу "қаймоқранглилар"нинг ДНКсида бор, деган қарашлар ҳам мавжуд. Албатта, Рамоснинг йўқлиги — жуда ҳам катта йўқотиш. Зидан "Сити"га қарши жавоб беллашуви учун 10 кун тайёргарлик кўрганлигини таъкидлади. Бу давр ичида жамоа сардорининг ўрнини қандай тўлдиришни ўрганиб чиққани аниқ. Зидан ўйнамайдиган Рамосни Манчестерга олиб кетди ва кийим алмаштириш хонасида айнан унинг ёрдамидан фойдаланишни мақсад қилгани кўриниб турибди. "Сити"дан фарқли ўлароқ, "Реал" чемпионатда ғолиб чиқди ва жуда яхши кайфиятда. Шуларни инобатга олган ҳолда мадридликлар бугун ўзлари учун керакли ҳисоб қайд этишларига ишонаман.
Маҳкамов Ботирали:
- Мана шундай ўйинларни жуда соғингандик. Пандемия даврида ЕЧЛнинг катта ўйинларини кўриш насиб қилмаётган эди. Гвардиола ва Зидан шогирдларининг қарама-қаршилигини томоша қилиш жуда завқли бўлади, аммо тарози палласи бироз инглизлар томонига оғиб тургани беллашувнинг сифатига таъсир қилиши мумкин. Лекин мадридликлар ҳар қандай вазиятни ўзгартиришга қодир жамоа ҳисобланади.
Кўрамиз, бугун "Қироллик клуби" нимадир қилиб бера олармикан?
Валихонов Абдулвосид:
- Превьюда ёзганимдек, биринчи бўлимда иккала жамоадан шахмат партиясини кутяпман. Эҳтиёткорлик биринчи ўринга чиқади. "Сити" доимгидек тўп назоратини қўлга олишга ҳаракат қилса керак. Аммо жорий мавсумдаги Реал ҳам тўпни жуда яхши кўрадиган жамоалар сирасига кириб қолди.
Иккинчи бўлимгача вазият ўзгармаса, бизни 45 дақиқа, балки ундан ҳам кўпроқ шиддатли ўйин кутиб турибди. Ушбу ўйинда Пеп шогирдлари кичик устунликка эга ва фаворит мақомига айнан улар муносиброқдек.
Жўраев Шуҳратбек
- Ҳа, бу ўйинни катта қизиқиш билан кутяпман. Аслида бундай жамоалар финалга ҳақли. Шу маънода айтганда, бу финал олдидан финал мақомига тенг ўйин бўлади. Тўғриси, биринчи ўйиндаги натижа жавоб баҳси олдидан у қадар катта аҳамият касб этмайди. Чунки Испания чемпиони бўлган "Реал" Чемпионлар лигасида қандай ўйнашни билади. Қолаверса, биринчи учрашувдан кейин анча вақт ўтди ва "Реал" янада кучайган. Ушбу баҳсда исталган натижа содир бўлиши мумкин. Рости, Зидан жамоаси "Cити"ни ютиб кейинги босқичга чиқса, бундан мутлақо ажабланмайман. Зеро, "Реал"нинг имкониятини юқори баҳолайман.
Фикрлар