Манба: ПСЖ "Локомотив" футболчисидан воз кечмаган!
«Локомотив» яримҳимоячиси Алексей Батраковнинг вакили Владимир Кузмичёв футболчининг ПСЖга ўтиши борасида тарқалаётган миш-мишларга изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача икки клуб ўртасида расмий даражада ҳеч қандай музокара бўлмаган. Шу билан бирга, агент таъкидлашича, Батраков бўйича белгилаб қўйилган сотиб олиш банди фақат 1 июлдан кучга киради. Шу сабаб барча томонлар айнан шу санани кутаётгани айтилмоқда.
«Ҳозирги пайтда ПСЖ Батраков трансферига рад жавоби берди ёки аксинча, деб аниқ гапириш тўғри эмас. Ҳозирча барча нарса 1 июл каби ҳал қилувчи санага боғлиқ ҳолда кутув режимида турибди», — дея Кузмичёвнинг сўзларини келтиради «Чемпионат» нашри.
Жорий мавсумда 21 ёшли Батраков барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда 36 ўйинда майдонга тушди, 17 та гол урди ва 12 та голли узатма амалга оширди.

Фикрлар