
Шомуродов айбини ювишга тайёр!
“Рома” 13 март куни жорий мавсумдаги энг мураккаб ўйинини ўтказади. Европа лигасида римликлар нимчорак финалда “Атлетик” Бильбаога рўбарў келди. Аслида бу жамоалар ушбу халқаро мусобақанинг умумий босқичида ҳам ўзаро тўқнашган бўлиб, Римдаги баҳсда кучлар тенг келган эди.
Нимчорак финалнинг биринчи учрашуви ҳам бир ҳафта олдин “Олимпико” мезбонлик қилган ва унда мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучган. Ўша учрашувда захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов ўйинга жуда катта таъсир ўтказган ва жамоаси ғалабасини таъминлаган голни учрашувнинг сўнгги сониясида киритган эди.
“Рома” барча турнирлардаги мағлубиятсиз сериясини 12 та учрашувга етказди. “Бўрилар”ни енгилмас жамоага айлантира олган Клаудио Раньери олдида Бильбаодаги учрашув учун жиддий танловни амалга ошириш зарурати юзага келди.
Италия матбуоти мураббийлар штаби “Атлетик”га қарши асосий ҳужумчи сифатида қайси форвардни илк дақиқалардан майдонга тушириши лозимлигини муҳокама қилмоқда.
Sports.uz портали ушбу масала бўйича нуфузли манбаларнинг мулоҳазаларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- “Атлетик” билан Бильбаода бўладиган беллашувга ҳеч қанча вақт қолмади. Раньери таркибдаги асосий масалани ечиши керак. “Сан-Мамес”даги ўйинда марказий ҳужумчи вазифасини ким бажаради?
Элдор Шомуродов ёки Артём Довбикнинг илк дақиқалардан майдонга тушиши охирги машғулотдан кейин ҳал бўлади. Чунки мураббийлар штаби ҳар икки форварднинг қандай формада эканини айнан ўйинолди машғулотида баҳолайди.
Айни пайтда Элдор Шомуродовда кичик устунлик бор. А Сериянинг аввалги турида ўзбек легионери “Эмполи”га гол уролмагани қарамай, ўзбек футболчиси яхши спорт формасини сақлаб турибди ва бильбаоликлар қарши аввалги ўйин қаҳрамони ҳисобланади.
Бундан ташқари, Шомуродов майдондаги динамикаси, ҳимояга қайтиб ўйнаш қобилияти, жамоавий ўйинга мослашгани, майдонда жамоаси устунлигини сақлаб туриши, кенг ҳудуд бўйлаб ҳаракат қила олиши ҳам унга устунлик беради.
Артём Довбик эса, испанларга қарши ўйнашда катта тажриба тўплаган. Жисмоний кўрсаткичларига таяниб, рақиб жарима майдончаси ичида ҳимоячиларга яхшигина босим қила олади.
Ла Лиганинг ўтган йилги тўпурари бўлган украиналик футболчи “Сан-Мамес”даги муҳитни жуда яхши билади ва жамоа муваффақиятида муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Чунки “Рома” белажак баҳсда баскларнинг кучли босимига дуч келади.
Ўтган мавсум “Жирона”да ўйнаган Артём бу ҳолатдан ўтиб бўлган. Бироқ, худди Шомуродов билан бўлгани каби Довбик ҳам “Эмполи” дарвозасини ишғол қила олмади. Ҳар икки ҳужумчи ўз хатоларини “Атлетик” билан ўйинда ювишга тайёр, - деб ёзмоқда siamolaroma.it сайти эксперти Сильвио Салимбене.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсумда римликлар сафида жами 26 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига бешта гол ва учта ассист ёздириб қўйди.
Гвардиола Ҳусановдан нималар кутяпти?
Шомуродов ғазабда бир зарба билан дарвоза тўрини тешмоқчи бўлди!
Аббосни Европада кутишяптими? Машҳур агент Ҳусанов ва Файзуллаевнинг фарқини айтди!
Фикрлар