
Шомуродов Раньеридан муҳим хабар кутяпти!
Клаудио Раньери бошқарувига ўтган “Рома” мавсумни муваффақиятли якунлаш учун Европа лигаси бош совринини қўлга киритиши лозим. 73 ёшли мураббий жамоа ўйинида жиддий ўзгаришлар ясай олди.
2025 йилда “бўрилар” ҳали енгилгани йўқ. Мағлубиятсиз серия 12 та учрашувга етди. Раньери аввалги бош мураббийлар ишонч билдирмаган бир неча ўйинчилар, хусусан, Элдор Шомуродов, Зеки Челик, Матиас Суле, Матс Хуммельс, Леандро Паредесга имкон берди ва улар асосий таркибда ўйнашга лойиқлигини исботлаб, жамоада муҳим фигураларга айланди.
Хусусан, Элдор Шомуродов 2021 йили “Рома” келганидан буён бу жамоадаги энг ёрқин даврини бошдан ўтказмоқда. Энди Клаудио Раньери олдида ҳар бир учрашувдан аввал ҳужум марказига қайси ўйинчини қўйиш танлови қилиш имкони пайдо бўлди.
Италия футболини ёритиб келаётган манбалар Европа лигаси доирасида “Атлетик” билан Бильбаода бўладиган баҳс олдидан мураббийлар штаби марказий ҳужумчи позициясида қайси футболчидан фойдаланиш манфаатли эканини муҳокама қиляпти.
“Рома” фаолиятини таҳлил қилиб келаётган яна бир нуфузли манба – ilromanista.eu экспертлари ҳам бу масалани биринчи планга олиб чиқди.
- Агар ёзда “Рома” мухлисларига кимдир мавсумнинг энг муҳим учрашуви олдидан бошланғич таркибда Элдор Шомуродов ёки Артём Довбик ўйнаши жиддий муҳокама қилинади, деганида улар бундай ҳайратга тушган, айримлари истеҳзо билан кулган бўлар эди.
Қизиғи, ана шу ўйин бошланишига жуда оз фурсат қолган бўлса ҳам, Клаудио Раньери айнан мана шу масалада бош қотиришига тўғри келмоқда. Табиийки, бунга етарлича асослар бор.
“Рома”нинг икки марказий ҳужумчиси ўртасидаги рақобат ҳар қачонгидан ҳам кучли ва жиддий тус олди. Биринчи навбатда, кўп нарса Элдорнинг жуда зўр спорт формасида эканига боғлиқ бўлиб қолди. Ўзбек футболчиси шу мавсумнинг ўзида икки марта “Рома”дан кетишга яқин келганди. Ёзги трансферлар вақтида ҳужжатлардаги кичик хато унинг “Атланта Юнайтед”га трансферини барбод қилди, қишда эса, “Венеция” Элдорни қўлга киритишга яқин эди.
Шомуродовнинг ишга профессионал тарзда ёндашиши, ҳеч қачон ҳеч кимга эътироз билдирмаслиги, кичик имкониятдан ҳам максимал фойдаланишга уриниши унинг жамоада қолишига олиб келди.
Элдор умумий ҳисобда 26 та ўйинда жами 878 дақиқа ўйнаб, бешта гол ва учта ассист муаллифи бўлди. Самарали ҳаракатларидан учта голи ва иккита ассисти 2025 йилга тўғри келди. Transfermarkt статистикасига кўра, Шомуродов ҳар бир гол учун 176 дақиқа сарфламоқда.
Артём Довбик жорий мавсум 36 та ўйинда қатнашди ва яшил майдонда 2549 дақиқа ҳаракат қилди. Украиналик ҳужумчи ҳисобида 14 та гол ва тўртта ассист бор. Артём ҳар бир гол учун Шомуродовдан озгина кўпроқ вақт, яъни 182 дақиқа ишлатган.
Гарчи умумий самарадорлик бўйича Довбик устундек кўринса-да, майдонда жамоа ўйинига ижобий таъсир ўтказишда Элдор анча фойдали экани кўзга ташланмоқда. Шомуродовнинг кенг майдон бўйлаб тинмай ҳаракат қилиши рақибга катта қийинчилик туғдиради ва жамоасининг имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Ҳар икки марказий ҳужумчи ўртасида бошланғич таркибга кириш учун рақобат кетаётган бўлса-да, улар майдондан ташқарида дўст эканини таъкидлаш лозим. Довбик ўзи Элдор унга жамоага мослашиши учун катта ёрдам берганини кўп маротаба эътироф этган.
Шунга қарамай, ҳужум чизиғида жой битта. Тез орада Раньери якуни қарорни қабул қилади. “Рома” Бильбаодаги ўйинда Римдаги учрашув натижасини сақлаб қолишни кўзлаб ўйнаши катта хато бўларди. Мураббийлар “Атлетик”ни қандай енгиш йўлини топиши керак.
Агар Раньери Элдорни илк дақиқалардан ўйнатишга қарор қилса, бу жамоага Эрнесто Вальверде шогирдларига қарши кескин қарши ҳужумларни уюштириш имкониятини яратади. Чунки “Атлетик” умумий ҳисобда ортда қоляпти ва жавоб ўйинида ижобий натижага эришиш учун олдинга ташланишга мажбур, бу мезбонлар беллашув давомида барибир бўш ҳудудларни қолдиришга мажбур бўлишига олиб келади.
Раньери бошланғич таркибга Довбикни киритса, украиналик ўйинчи рақиб марказий ҳимоячиларига босим уюштириши таъминланади. “Атлетик” бош мураббийи Эрнесто Вальерда ўтган беллашувда Шомуродовга қарши туролмаган Йерай ва Вивиан ўрнига бу гал ҳимоя марказида Айтор Паредес ва Уна Нуньесни ўйнатишни режалаштирган.
Нима бўлган тақдирда ҳам бошланғич таркибда икки марказий ҳужумчи учун жой битта ва Элдор уни Артёмда топтиб олиши мумкин, - деб ёзмоқда ilromanista.eu эксперти Симоне Вальдарке.
“Атлетик” ҳамда “Рома” ўртасидаги Европа лигаси нимчорак финал жавоб учрашуви 13 март куни Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.
Шомуродов айбини ювишга тайёр!
Гвардиола Ҳусановдан нималар кутяпти?
Шомуродов ғазабда бир зарба билан дарвоза тўрини тешмоқчи бўлди!
Аббосни Европада кутишяптими? Машҳур агент Ҳусанов ва Файзуллаевнинг фарқини айтди!
Фикрлар