«Манчестер Юнайтед» - «Копенгаген»: Превью

Коронавирус пандемияси биздан еврофутболни тортиб олишига бир баҳя қолди. Биз «кўҳна қитъа»нинг энг қизиқарли икки турниридан тўлалигича айрилмадик. Аммо барибир талафотлар сезилди. Аввало, мухлисларсиз майдонда футбол ўтказишга ва кузатишга мажбурмиз. Чорак ва ярим финал учрашувлари (Европа Лигасининг айрим нимчорак финал баҳслари) битта ўйиндан иборат бўлди. Биз ушбу турнирда пандемия сабаб 8 та ажойиб беллашувдан қуруқ қоладиган бўлдик. Аммо муқобил танловнинг бўлгани яхши. Келгуси мавсумда барча турнирларнинг ўз вақтида ўтишига умид билдиришдан бошқа чорамиз йўқ.

Европа Лигаси "Юнайтед"нинг турнири эмас, деган фараз футбол мухлислари онгига сингиб қолган. Ҳа, ном жиҳатидан манчестерликлар анча юқори туради. Аммо футбол ҳар куни ривожланяпти. Европа Лигасининг мавқейи ҳам сўнгги йилларда сезиларли кўтарилди. Бугун Сульшер шогирдлари "Копенгаген" билан айни шу мусобақа ярим финали учун курашади. Келинг, ушбу учрашув атрофидаги энг эътиборга молик вазиятлар ҳақида фикр юритамиз.

МЮ1

«Манчестер Юнайтед»

Номинал мезбон мақомидаги «қизил иблислар» ЛАСКга қарши ўйинда машғулотдагидек ўйнади. Австрияликларнинг фантастик голидан сўнг, МЮ гол уришни хоҳлаб қолди ва дарҳол буни уддалади. Марсьялнинг беллашув якунига яқин урган голи эса иккала клуб ўртасидаги тафовутни билдириб қўйди. Комбинация яхши, французнинг дриблинги эса ажойиб чиқди.

Манчестерликларнинг сўнгги пайтларда ўз даражасига чиқиб олаётганига улардаги ички ишонч сабаб бўлмоқда. Ҳамма уларнинг кучайгани ҳақида гапираётган бир пайтда, Сульшер шогирдларининг ўзлари ҳам бунга ишонмоқда ва айнан мана шу жиҳат жамоани ғалабалар томон бошламоқда. Фернандешнинг келиши фақат МЮ таркибидаги кемтикнинг тўлдирилиши бўлиб қолмай, бошқа футболчиларга ҳам ижобий таъсир қилаётгани кўриниб турибди. Улар бугунги ўйинда ғалаба қозонган тақдирда, ярим финалда ҳақиқий жиддий рақиб билан тўқнаш келади. Ана ўшанда биз яна бир бор «қизил иблислар» ўйинига баҳо бера оламиз.

«Брюгге»ни 6-1, ЛАСКни 7-1 ҳисобида енгиб, ушбу босқичга етиб келган манкунианлар ўз тарихида иккинчи маротаба ушбу турнир чорак финалига йўл олди. Биринчи марта 2017 йилда содир бўлган чорак финалдаги иштирок МЮнинг ўз тарихида илк маротаба Европа Лигаси кубогини қўлга киритиши билан якунланганди. Бу гал қандай бўлишини биргаликда кузатамиз.

Тахминий таркиблар: Ромеро, Уан-Бисакка, Линделёф, Магуайр, Уильямс, Матич, Погба, Гринвуд, Фернандеш, Рэшфорд, Марсьяль.

Иштирок эта олмайди: Фил Жонс.

мю состав

«Копенгаген»

Нимчорак финалнинг энг катта ва шу билан бирга ягона сенсацияси муаллифи айнан ушбу жамоа ҳисобланади. Биринчи учрашувдаги мағлубиятдан сўнг, Туркия чемпионларини мусобақадан чиқариб юборишини данияликлардан ҳеч ким кутмади. «Шерлар» эса ўша оқшом ўзларининг энг ажойиб ўйинларидан бирини ўтказишди. Тезкор гол уриб олиниши эса нур устига аъло нур бўлди. Ушбу беллашувда Истанбул клуби ўзини буткул йўқотиб қўйди. Ҳатто улар ҳам рақибдан бу даражадаги ўйинни кутишмагани аниқ. Иккинчи гол урилишига сабаб бўлувчи пенальти эса ростдан ҳам аламли бўлди. Футболчи ва тўп ўртасидаги масофа жуда қисқа эди ва тўп қўлни топди. Афсуски, нима бўлган тақдирда ҳам тўп йўналиши шу сабабли ўзгариб кетди – пенальти бор.

1/16 финалда Шотландиянинг «Селтик» клубини енгиб, ўз тарихида илк маротаба нимчорак финалда қатнашган данияликлар чорак финални ҳам биратўла забт этди. Энди ярим финал учун ўйинда уларнинг рақиби «Манчестер Юнайтед». Футболчилар келгусида ўтмиши ҳақида ҳикоя қилиши учун яхши саргузаштни бошидан кечирмоқда.

Тахминий таркиб: Йоханссон, Варела, Нелссон, Бьеллан, Бойлесен, Стаге, Зека, Пеп Бил, Винд, Фалк, Кауфман.

Иштирок эта олмайди: Сантос, Сигурдссон, Фишер, Томсен.

копенгаген состав

Мураббийлар

Оле-Гуннар Сульшер: «Мен Столе Сольбаккенга қарши ўйнаш тажрибасига эгаман. У менинг дўстим ва алоқаларимиз жуда яхши. Биз беллашув олдидан бир-биримизга омад тиладик ва Германияда учрашишга келишиб олдик. Улар ўз ишини, биз ҳам ўз ишимизни қиламиз. Бу шунчаки навбатдаги рақиб, холос. Столенинг жамоаси яхши тузилган ва доим уларга қарши ҳаракат қилиш оғир. Ёш футболчилари ҳам анчагина тажрибага эга. Яхши ўйин бўлади».

оле

Столе Сольбаккен: «Юнайтед» катта фаворит. Биз имкон даражамиздан ҳам юқорироқ даража кўрсата олишимиз керак. Биз МЮнинг барча кучли жиҳатларини кўздан қочирмаслигимиз керак. Улар жуда тезкор жамоа ва Фернандеш келгандан буён қарши ҳужумларда фаоллашиб қолди. Манкунианлар жарима майдони олдида тезкор комбинациялар ишлатишни яхши кўради. Бу биз қўрқишимиз керак бўлган жиҳатларнинг энг каттаси. Бироқ биз ўз режамиздан оғишмаслигимиз лозим».

столе

Бугун «Копенгаген» ўз жарима майдонида тартибли ҳимоя ташкил қилишга уруниб, ўз вазиятини пойлаб ўтириши катта эҳтимол. Мураббийнинг гапларидан жамоа манчестерликларнинг қарши ҳужумларидан чўчиб турганини кўриш мумкин.

«Қизил иблислар»нинг амбицияларини инобатга оладиган бўлсак, улар ушбу баҳсга муҳим учрашув олдидан сўнгги тайёргарлик сифатида қарашаётгани аён бўлади. Ярим финалда хоҳ «Севилья», хоҳ «Вулверхэмптон» бўлсин, уларга осон бўлмайди. Демак, жиддий тайёрланиш вақти келди.

копенгаген

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар