“Манчестер Юнайтед”: 7-рақам сири ёхуд ўтган аср юлдузлари нега эрта сўнгган?
«Манчестер Юнайтед» ишқибозлари учун 7-рақам алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу рақам эгаси жамоада лидер бўлиши ва доимо энг кучли ўйинини намойиш этиши талаб қилинган. Бу рақамнинг ўзига хос масъулияти бор ва шу жиҳатдан манчестерликларнинг баъзи футболчилари уни қабул қилишга ботина олмаган. Ёрқин мисол – Антонио Валенсия. У ўз ўйини билан жамоага нақадар фойда келтирмасин, 7-рақамдан чўчиган. «Сирли рақам»нинг салобати босиб қўйган юлдузлар ҳам талайгина: Ди Мария, Депай, Санчес.
Бу рақам билан боғлиқ мўъжизаларнинг ибтидоси Эрик Кантона номи билан боғланади. «Inside United» нашри «қизил иблислар» мухлислари орасида ўтказган сўровномаси якунларига кўра, франциялик чарм тўп устасини жамоа тарихидаги энг буюк футболчи, дея эътироф этишади. 1997 йилда Кантона кутилмаганда фаолиятини якунлашини эълон қилади. Унинг ҳали футболга ва «Манчестер Юнайтед»га бера оладиган кўп нарсаси бор эди. 7-рақам эгаси нега анча эрта – 31 ёшида фаолиятини якунлади?
Англиядаги фаолиятининг бошланиши
Футбол сиёсатига қадам қўйишдан аввал Мишель Платини мураббийлик қилган. 1990 йилги жаҳон чемпионати саралаши стартидаги омадсизликдан сўнг, Франция терма жамоасини Анри Мишелдан айнан Платини қабул қилиб олган. Жамоада авлодлар алмашуви жараёни бошланди. Янги авлод орасида энг зўри Эрик Кантона эди.
1991 йилнинг ноябрида Франциянинг «Осер» клуби УЕФА кубоги доирасида «Ливерпуль» билан тўқнаш келади. Учрашувни кузатишга келган Платини ўйиндан сўнг «Ливерпуль» бош мураббийи Грем Сунессга Кантона билан шартнома имзолашни таклиф қилади. Бу ҳақида мураббийнинг ўзи шундай эслайди: «Платини олдимга келиб, менда сенинг жамоанг учун ажойиб футболчи бор. У жуда иқтидорли, бироқ характери оғир. У билан Францияда чиқишиб кетиш қийинчилик туғдиряпти, деб айтди. Мен эса унга жамоамда муаммолар етарлилигини ва таваккал қилишни истамаслигимни айтдим».
Йиллар ўтиб, Сунесс ушбу қароридан қаттиқ афсусланди. «Ним» футболчисига айланган Кантонанинг нархи атиги 1,2 млн эди. Кўп ўтмай унга Англиядан харидорлар ҳам топилиб қолди. «Шеффилд Уэнсдей» Эрикнинг хизматларига улкан қизиқиш билдирди. Бироқ якунда футболчи «Лидс» билан шартнома имзолади. Бу даврда инглиз футболи улкан ўзгаришлар остонасида эди: Англия премьер-лигаси пайдо бўлди.
Англия чемпионати янги форматга ўтиши олдидан сўнгги чемпион айнан «Лидс» бўлди. Кантона «Лидс»га февралда келиб қўшилди ва 8 та учрашувда майдонга тушишга улгурди. Шунга қарамасдан, у 2 та гол ва 1 та ассист муаллифига айланиб, жамоа чемпионлигига ўз ҳиссасини қўша олди. Эрик 1992/1993 йилги мавсумни жуда ажойиб бошлади: 19 та ўйинда 11 та гол. Булардан 2 та хет-трик «Ливерпуль» (4:3) ва «Тоттенхэм» (5:0) дарвозасига йўлланди. Ушбу даврга келиб футболчи «Лидс»нинг ашаддий рақибларидан ҳисобланган «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтиши ҳақида хабарлар тарқала бошлаган эди.
МЮга ўтиши ва «Қирол Кантона» унвони
Алекс Фергюсонда Кантона типидаги футболчига эҳтиёж бор эди. Бу каби футболчи премьер-лигада иккита бўлган: Кантона ва Ле Тиссье. «Саутгемптон» музокаралардан бош тортди, «Лидс» билан эса келишишнинг иложи топилди. Кантона Манчестерга мавсум ўртасида келди ва дарҳол 7-рақамни қабул қилиб олди. «Қирол Эрик»нинг «Манчестер Юнайтед»даги саргузаштлари шу тариқа бошланганди. Ярим мавсум давомида футболчи «қизил иблислар» учун 22 беллашувда майдонга тушиб, 9 та гол ва 11 та голли узатма амалга оширишди. У клуб ва терма жамоа учун янада яхшироқ ўйнай бошлади. 1993 йилда «Олтин тўп» учун баҳсда Баджо ва Бергкампдан сўнг учинчи бўлди.
Майдонда Кантонани тўхтатиб бўлмасди. Унда ҳужумчи учун зарур бўлган барча жиҳатлар мавжуд эди. Етарлича узун бўй (188 см) ва исталган ҳимоячи билан курашишга имкон бера оладиган гавдага эга бўлган Кантона ўша давр учун идеал ҳужумчи ҳисобланган. Тезлик, техника, иккала оёқда ҳам бирдек кучли зарба бера олиш қобилияти, майдонни кўра билиш, гол сезиш – буларнинг барчаси Кантонага тегишли.
«Кантона каби ҳеч ким «Олд Траффорд»ни ўзига қарата олмади», дея эслайди сэр Алекс Фергюсон. Франциялик МЮ учун қайсидир даврдаги яхши футболчи ёки етакчи мақомидан юқорироқ туради. Кантонани манчестерликлар баланд ёқа, мағрур туриш ва қалин қошлар остидан ўқдай қадалувчи бургут нигоҳ билан эслаб қолишган. У «Манчестер Юнайтед» тарихида ўз саҳифасига эга алоҳида ном, такрорланмас афсона эди.
«Кўнглим қолса, футболдан ҳам тўпдан ҳам…»
Кантонанинг манчестерликлар сафига ўтиши билан АПЛда «қизил иблислар»нинг якка ҳукмронлиги ўрнатилди. Беш йил давомида манкунианлар тўрт бор чемпионликни қўлга киритишди ва бунда Эрикнинг хизматлари беқиёс. Ҳеч бир мавсумда у гол+пас тизими бўйича кўрсаткичларини 20 тадан пасайтириб юбормади. 1994 йилда Эрик Кантона лига футболчилари талқинига кўра АПЛда йил ўйинчисига айланди.
Аммо қиролнинг юлдузли йиллари узоқ чўзилмади. 1997 йил барча учун кутилмаган бир пайтда у футболчилик фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди. Бу хусусида энг аввал Фергюсон хабар топди. 1996/1997 йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси мавсумининг ярим финалида манчестерликлар «Боруссия» Дортмунд тўсиғидан ўта олишмайди ва шу куни Кантона «Ферги»га бу ҳақида маълум қилади. Кейинчалик, аниқроғи 31 ёшни қаршилаган кунда (24 май) у расмий баёнот билан чиқди. «Мен доим айтганман: футболга бўлган иштиёқни йўқотиб бормоқдаман. Ҳа, сиз ишонмайсиз, биламан, аммо бу рост – мен футболдан кетяпман», - деди Кантона.
Эрик Кантона янги мотивацияни кинемотографликдан топди. У 1995 йилдаёқ илк кинокартинада суратга тушиб улгурган эди. Ҳозирги кунда унинг ижросида 20 дан зиёд фильмлар суратга олинган. Жуда кўплаб эпизодлар, реклама ва клипларда суратга тушган. Сўнгги иши Лиам Галлахернинг («Оазис» гуруҳи собиқ салисти) клипида қирол образини яратиш бўлган. Шунингдек, тўқсонинчи йилларда у ўзини модель сифатида ҳам синаб кўрган ва машҳур «Paco Rabanne» подиумида иштирок этган.
Унинг кетиши ортидан «Юнайтед»да таркиб ёшара бошлади. «Класс-92» деб номланган ўша даврдаги клуб академияси ёшларидан ташкил топган жамоа кўпроқ ўйин амалиётига эга бўла бошлади. Кантонанинг сардорлик боғичи Рой Кинга, мўъжизавий 7-рақам эса Девид Бекхэмга берилди. Кантонанинг ўзи ҳам жисмоний томондан яна беш йил юқори темпда ўйнаши мумкин бўлганини тан олади. Аммо у ҳеч қачон ушбу қароридан афсусланмайди.
Кантона бундан ҳам аввалроқ фаолиятини якунлаши мумкин эди. 1991 йилда «Ним»да ўйнашни бошлаган Кантона ҳакамга қарата тўп улоқтиргани сабабли дискваликацияга учрайди. Шу воқеа сабабли футболчи Франция футболи раҳбарияти билан жанжаллашиб қолди ва фаолиятини тугатишини айтди. Платини базўр уни бу фикридан қайтарди. Фильмларидан бирида у шундай дейди: «Мен оддий одам эмасман. Мен – Кантонаман». Ушбу фикрларнинг ўзиёқ «Қирол Эрик»нинг қандай шахс бўлганини ифодалаб туради. У нима қилишни ўзи билади.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар