“Манчестер Юнайтед” “Барса”нинг бўлажак юлдузини олмоқчи

“Манчестер Юнайтед” жамоа таркибини “Барселона”нинг янги авлод футболчилари ёрдамида кучайтирмоқчи.

Манчестерликлар нишонига каталонияликларнинг сенегаллик ҳимоячиси Микоил Файе тушди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, “Манчестер Юнайтед” скаутлари бир неча ойдан бери футболчини кузатиб келмоқда. Файе яқинда Сенегал ва Габон терма жамоалари ўртасидаги басҳда халқаро миқёсдаги дебютини нишонлади.

Манчестерлик скаутлар келган ушбу ўйинда ҳимоячи Габон терма жамоаси дарвозасига чиройли гол уришга ҳам эришди.

Айни пайтда бу футболчига “Байер” ва “Интер” ҳам кўз тикмоқда. “Барселона” мутасаддилари қишки трансферлар вақтида “Ницца” ва “Ланс”нинг 13 миллион фунтлик таклифини қабул қилмаган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!