«Манчестер Юнайтед» Тонали трансфери бўйича қарор қилди
«Ньюкасл» ярим ҳимоячиси Сандро Тонали яқин вақтларда «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилиши эҳтимоли жуда кам.
Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, «қизил иблислар» 26 ёшли футболчини сотиб олиш ғоясидан воз кечган. Манкуниянлар клуби раҳбарияти «Ньюкасл» белгилаган трансфер нархини жуда юқори, бозор талабларига мос эмас, деб баҳолаган. Шу боис «Манчестер Юнайтед» энди молиявий жиҳатдан анча мақбул вариантларга эътибор қаратмоқда, деб ёзади Transfer News Live.
Манбаларга кўра, Сандро Тонали ва Льюис Холлни биргаликда сотиб олиш «Манчестер Юнайтед» учун жами 140–150 миллион евро атрофида тушиши мумкин эди. Шу билан бирга, италиялик ярим ҳимоячидан фарқли ўлароқ, инглиз чап қанот ҳимоячиси Льюис Холл ҳануз манкуниян клубнинг эҳтимолий трансферлар рўйхатида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Сандро Тонали «Ньюкасл» таркибида 53 ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 7 та голли узатма амалга оширди.

Фикрлар