“Манчестер Юнайтед” юлдузи қамоқ жазосига ҳукм қилинди

“Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Харри Магуайр Греция суди томонидан 15 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри.

Харри Магуайр 2020 йил август ойида Грециянинг Миконос оролида содир бўлган ҳодиса билан боғлиқ иш бўйича суд ҳукмини олди.

Манбага кўра, Греция суди футболчини тажовуз  (ҳужум) қилишда айбдор, деб топган ва унга 15 ой муддатга шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Иш футболчининг таътили вақтида юзага келган можаро билан боғлиқ.

Магуайр полиция ходимига оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳужум қилиш, қўлга олиш вақтида қаршилик кўрсатиш ва пора беришга уриниш каби айбловлар бўйича жавобгарликка тортилди.

Бундан аввал суд ушбу иш бўйича қарор чиқариб, футболчига 21 ойлик шартли қамоқ жазосини тайинлаган эди. Бироқ кейинчалик апелляция берилганидан сўнг ушбу ҳукм бекор қилинган.

Бир неча бор суд мажлислари қолдирилганидан кейин, ҳодисадан қарийб олти йил ўтиб иш қайта кўриб чиқилди. Хабар қилинишича, футболчи томони чиқарилган қарор устидан яна белгиланган тартибда шикоят қилиш ниятида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!