
Манчестерликларнинг асосий режаси амалга ошмай қолди
Ўтган мавсумни барбод қилган “Манчестер Юнайтед” ёзги трансферлар даврида таркибини жиддий тарзда кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ бош мураббий Рубен Аморим кутган трансфер амалга ошгани йўқ. Манчестерликлар анчадан бери кўп гол ура оладиган ҳужумчи қидиряпти. Жамоа сафидаги Расмус Хёйлунн ва Жошуа Зиркзее каби форвардлар Англия Премьер-лигасига мослаша олмади ва тўпурарлик қобилиятини намойиш қилаётгани йўқ.
Рубен Аморим бу бўшлиқни Лиам Делап, Виктор Дьёкереш ва Уго Экитике трансфер орқали тўлдиришни кўзлаганди. Аммо уч нафар тўпурарнинг бирортасини ҳам олиш имкони топилмади. Клуб раҳбарияти мураббийлар штабига улар кутаётган янги тўпурарни тез орада қўлга киритилишини кафолатламаяпти.
“Манчестер Юнайтед” мураббийи бу вазиятдан тактик схемани ўзгартириш орқали чиқмоқчи. Аморим бошланаётган мавсумда 3-4-3 схемасини қўллайди. Бу ҳолатда марказий ҳужумчи вазифасини жамоага янги қўшилган Брайан Мбемо бажаришига тўғри келади. Аслида бу футболчи қанот ҳужумчиси ҳисобланади. Шунингдек, ҳужум учлигида жамоа янги келган Матеус Куняга ҳам жой берилади.
Комментарии